“Бир сўз билан айтганда олға деган бўлардим...”

Самарқанд давлат университети ўсимликлар физиологияси ва микробиологияси кафедраси ўқитувчиси, Исландия қишлоқ хўжалиги университети тадқиқотчиси Абдубакир Қўшбоқов билан суҳбат
- Исландия қишлоқ хўжалиги университетида, Исландия ташқи ишлар вазирлиги ҳамда ЮНЕСКО ташкилоти ҳомийлиги остида ташкил қилинган ГРО-ЛРТ (Lamd Restaration, Restaration Trening) дастурида иштирок этяпман,-дейди Абдубакир Қўшбоқов.- Бу дастур ҳар йили асосан Осиё ва Африка давлатларидан келган тадқиқотчилар учун ташкил қилинади. Мендан аввал, Самарқанд давлат университети Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти директори, доцент Тошпўлат Ражабов ва Акбар Аҳмедовлар иштирок этган. Таомил бўйича аввалги иштирокчилар навбатдагисини тавсия қила олади. Менинг номзодимни Тошпўлат Ражабов тавсия этган ва дастур ташкилотчилари онлайн суҳбатда тил билиш даражамни ва илмий салоҳиятими текшириб қабул қилишган.
-Тадқиқотингиз қайси мавзуда?
- Ҳозирда GRO-LRT дастурида 8 давлатдан (Ўзбекистон, Қирғизистон, Манголия, Уганда, Малави, Лесото, Гана, Нигерия) 19 нафар вакил иштирок этмоқда. Ушбу дастурнинг бош мақсади ривожланаётган давлатларда содир бўлаётган ер майдонларининг инқирози, тупроқ эррозияси ҳолатларига қарши курашиш, ерлардан унумли ва барқарор фойдаланиш бошқарувини тарғиб қилиш, мутахассислар ва таълим муассасалари илмий салоҳиятини ошириш орқали, инқирозга учраган ер майдонларини қайта тиклашда уларга ёрдам беришдан иборат.
Бу дастур 6 ойлик бўлиб биринчи уч ой назарий ва охирги уч ой амалий қисмдан иборат. Дастурнинг амалий қисмида мен “The identification of land potential by seed banks under sheep grazing in the Icelandic highlands” мавзусида тадқиқот олиб боряпман. Бундан асосий мақсад, замонавий халқаро тадқиқот методларини ўрганиш ва мамлакатимизда уни қўллаш ҳисобланади.
Афсуски бугунги кунда бизнинг мамлакатимиз ерлари ҳам турли инқироз ҳолатларидан мустасно эмас. Айниқса мамлакатимиз ҳудудининг деярли ярмига тенг бўлган яйлов майдонларимиз турли даражадаги экологик инқироз ҳолатларини бошидан кечирмоқда. Яйловларнинг табиат экотизимларининг ажралмас қисми эканлигини, чорвачилик саноатидаги ва мамлакат ялпи ишлаб чиқаришдаги улушини ҳисобга оладиган бўлсак, яйловлар ҳолатини ўрганиш ва уларни қайта тиклаш ишларида фаол иштирок этишимиз ниҳоятда муҳим ҳисобланади. Шунга кўра ушбу дастурда мен “Турли даражада ўтлатиш режимидаги яйловлар потенциалини тупроқ уруғлик банки орқали баҳолаш (Исландия яйловлари мисолида)” мавзусида илмий тадқиқот олиб бормоқдаман. Исландия қишлоқ хўжалиги университети иссиқхонаси ва Исландия тупроқларни ҳимоя қилиш ташкилотининг (Soil Conversation Service of Island) тупроқ лабораториясида, илмий раҳбарим профессор Исабел C Баррио билан биргаликда фаолият кўрсатмоқдаман. Яйловлардаги тупроқ уруғлик банки миқдорини ва уларнинг унувчанлик даражасини аниқлаш ниҳоятда муҳим ҳисобланади. Чунки мавжуд уруғлик ресурсларигина ушбу яйловларнинг келгусидаги потенциалини белгилаб беради ва инқирозга учраган табиий яйловларнинг қайта тикланишидаги энг муҳим омиллардан бири бўлиб ҳисобланади.
Тадқиқотнинг асосий мақсади турли даражада инқирозга учраган яйлов тупроқларидаги уруғлик ресурсларини аниқлаш ва мавжуд ўсимликлар қоплами билан солиштирган ҳолатда яйловларнинг ўзини қайта тиклаш имкониятини ўрганишдан иборат. Шунингдек, яйловларни қайта тиклаш ва уларни барқарор бошқариш соҳалари бўйича замонавий билимлар ва тадқиқот услубларни таҳлил қилиш ва келгусида Ўзбекистон яйловларини қайта тиклаш ишларида улардан кенг фойдаланишдан иборат.
-Исландия қишлоқ хўжалиги университетида қишлоқ хўжалиги соҳасида қандай янгича тадқиқотлар олиб борилмоқда? Уларнинг қайсиларини Ўзбекистонда ҳам жорий қилиш керак, деб ўйлайсиз?
-Бу давлатда қишлоқ хўжалиги ўсимликлари учун вегетация даврининг қисқалиги сабабли иссиқхона хўжалигини ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда. Бунда асосан гидропоника ва турли хил ёруғлик нурлари остида ўстириш ва бундан ташқари иссиқхонада ўсимликларни бир неча қаватли қатламларда ўстириш кичик ер юзасида кўплаб ҳосил олишга ёрдам беради. Ушбу усул самарали, деб ўйлайман.
-Ушбу университет таълим жараёнлари, тадқиқот йўналишлари СамДУ дан нимаси нимаси билан фарқланади?
-Исландия университетида биринчи навбатда, ўқитувчилардан малака ва талабалар билан дўстона муносабатда бўлиш талаб қилинади. Дарслар айнан шу соҳа мутахассислари томонидан ўтилади. Ҳар бир машғулот қилинган янги илмий ишлар ва мақолалар мисолида тушунтирилади. Бундан ташқари ўқитувчиларнинг email почталари талабалар учун ҳамиша очиқ.
-Университет кутубхонаси ҳақида ҳам айтиб берсангиз.
-Бу университет биноси асосан 3 та кампусдан иборат. Университет кутубхонаси асосий кампусда жойлашган. Биз учун онлайн кутубхона ва ундаги барча китоблар ва манбалардан фойдаланиш шароити яратилган. Бу қисқа вақт ичида керакли маълумотларни қийинчиликсиз топиш имкониятини беради.
-Келгусидаги режаларингиз.
-Келгусида режалар катта. Илмий ишларимни шу мавзуда давом эттириш, Ўзбекистонда инқирозга учраган яйловларнинг қайта тиклаш ишларида ва университетимиз ривожида қўлимдан келгунча ҳисса қўшишдан иборат. Шунингдек, илмий раҳбарим Тошпўлат Ражабов билан биргаликда мамлакатимиз яйловлари деградациясининг олдини олишга ўз ҳиссамни қўшиш ҳамда чет элдаги нуфузли университетларнинг докторантура босқичида тадқиқот олиб боришдир.
-Ўз тадқиқотини хорижда давом эттирмоқчи бўлган ёш тадқиқотчиларга қандай маслаҳат ва тавсиялар берган бўлардингиз?
- Бир сўз билан айтганда олға деган бўлардим. Негаки бугунги кунда чет эл таълим муассасаларида илмий тадқиқотлар ва илм-фан технологиялари жуда ривожланган. Ёшларимизнинг ушбу замонавий технологиялар ва услубиятларни ўрганиши мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига қўшишда улкан аҳамият касб этишига ишонаман.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода Бекмуродова суҳбатлашди