“Ёш ижодкорлар семинари биз учун йўлчироқ…”

Бугунги кунда ижтимоий-маънавий соҳалардаги ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад халқимизнинг маънавий юксалиш йўлидаги имкониятларини кенгайтириш, жамиятда маърифатпарвар, зиёли қатламни шакллантиришга қаратилган эътибор муҳим аҳамият касб этади. Шу ўринда ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодини юксалтириш мақсадида ҳар йили ўтказиб келинаётган республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинари бу гал “Дўрмон ижод уйи”да ўтказилди. Менинг ҳам ушбу семинар иштирокчиси бўлганим ҳаётимда унутилмас саҳифа очди, десам муболаға бўлмайди.
Йўлга чиқар эканман автобус мени Тошкентга, адабиёт яшаётган манзил - Дўрмон ижод уйи сари элтаётганидан қувонардим. Ёш ижодкорлар семинари ҳақида китобларда, журналларда ўқиб, ҳар бир ёш ижодкор учун адабиётдаги масъулиятнинг бошланиши шу семинар эканлигини англагандим. Бу масъулиятнинг чекимга тушиши Дўрмон сари йўлга чиқишимдан бошланди.
Улуғ даргоҳда адабиётимизнинг етук намоёндалари билан бир даврада бўлганим ҳам менга чексиз қувонч бағишлади. Азиз Саид, Фахриёр, Сирожиддин Рауф, Муҳиддин Абдусамад, Салим Ашур, Зебо Мирзо, Хосият Рустамова сингари сўз санъаткорлари, Иброҳим Ғофуров, Сувон Мели, Одил Икром каби таржимон, мунаққидлар – устозларимиз ҳамда ёш ижодкор дўстларим билан бир даврада бўлганимдан ҳам фахр, ҳам масъулият ҳиссини туйдим. Семинарда теран тафаккурли, билим салоҳиятга эга дўстлар ортирганим ҳаётимда ўчмас из қолдирди.
Семинарнинг юқори савияда ташкил этилгани, иштирокчиларнинг бир дақиқа вақти ҳам мазмунсиз, ажойиб таасуротларсиз ўтмаганидан ҳам билиш мумкин. Бу ўринда тадбир ташкилотчиларига алоҳида миннатдорчилигимни изҳор этаман. Семинар биз каби ёш, умидли ижодкорлар учун ўз йўлимизни топиш учун йўлчироқ вазифасини ўтайди десам, хато бўлмайди. Зеро, у орқали адабиётга умид боғлаган ҳар бир ёш қалб ижодда ўз ўрнини топа олса ажаб эмас.
Шаҳризод Шодиев
Самарқанд давлат университети
Филология факультети талабаси