Анжуманни СамДУ халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Акмал Ахатов кириш сўз билан очиб, Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродовнинг конференция иштирокчиларига йўллаган табрик сўзини ўқиб эшиттирди.

    Конференцияда, шунингдек, Россия давлат гуманитар университети ректори Александр Безбородов, Россия давлат гуманитар университети Мерос ва замонавий жамият институти раҳбари, Россия Федерацияси Президенти маслаҳатчиси Валерий Фадеев, Россия Фанлар академияси академиги Андрей Смирнов ҳамда Хитой, Туркия, Эрон каби давлатларнинг фалсафа илми вакиллари иштирок этди.

    Мазкур конференциянинг асосий мақсади зиёлилар, олимлар, сиёсат ва жамоатчилик арбоблари, турли соҳадаги мутахассисларнинг замонавий дунёда инсон ва унинг қадриятлари, шахс ва жамият алоқаларини таъминловчи ва инсонни шахс сифатида шакллантирувчи омиллар билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш, бу борада интеллектуал ҳамкорликни йўлга қўйишни кўзда тутади.

    - Россия давлат гуманитар университети учун Самарқанд давлат университети билан ҳамкорлик қилиш жуда муҳим, - дейди Россия давлат гуманитар университети Мерос ва замонавий жамият институти раҳбари, Россия Федерацияси Президенти маслаҳатчиси Валерий Фадеев. - Чунки, СамДУ Ўзбекистоннинг энг нуфузли университетларидан бири. Анжуманнинг Самарқандда ўтказилаётганидан сабаб ҳам, Самарқанд дунё тарихи пойтахти эканлиги, бу ҳудудда умуминсоний қадриятлар ҳамда маданият намуналарининг туб илдизлари униб чиққанлиги билан боғлиқ. Бизни ўраб турган муҳитда инсон омилига боғлиқ бўлган ижтимоий ҳодисалар, инсон ва дунё ўртасидаги алоқа ва қадриятлар масаласи ҳар бир даврда долзарб ҳисобланади. Бугунги глобал инқироз шароитида турган жаҳонга маданият ва тарих уйғунлигидаги кўҳна қадриятлар жуда керак. Бугунги конференция ушбу соҳада интеллектуал ҳамкорликни йўлга қўйиш сари илк қадам бўлишига ишонаман.

Самарқанд  давлат университети
Ахборот хизмати.
Шавкат Акрамов олган суратлар.