Улуғбек мадрасаси

ХV аср ўрталарида Самарқандда Амир Темурннинг набираси Мирзо Улуғбек (1409-1449) ҳокимият тепасига келди, у нафақат Темурийлар сулоласининг вакили, балки йирик олим ва астроном сифатида ҳам дунёга танилди. Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз ва Ғиждувонда ўқув муассасаларини фаол қуришга айнан Улуғбек бош бўлган. Самарқанд шаҳридаги Улуғбек мадрасаси шарқнинг ислом олий ўқув юртларининг мумтоз намунасидир.
Мадраса 1417-1420 йилларда қурилган. Бадиий жиҳатдан у Темур қурдирган бинолардан кам эмас эди ва шу билан бирга мустаҳкамлиги жиҳатидан улардан анча устун турарди.
Дастлаб мадраса 50 та ҳужрадан иборат бўлиб, унда йилига юздан ортиқ талабалар таҳсил олишган. Тарихчилар айтишига кўра, Улуғбекнинг ўзи мадрасада дарс берган. Таниқли форс шоири Жомий бу ерда яшаб, ижод қилган. Жомийнинг тингловчилари орасида энг машҳур Нақшбандия тариқати намоёндаларидан шайх Хожа Аҳрор Вали ва буюк шоир Алишер Навоий бор эди.
Бино 2 қаватли бўлган, бурчак дарсхоналар устида тўртта баланд гумбаз, бурчакларда эса тўртта миноралар бўлган. Асосий фасаднинг учдан икки қисмини эгаллаган баҳайбат пештоқ улкан ва чуқур найзасимон аркали бўлиб майдонга қараб туради.
XVIII асрда ички низолар туфайли бошланган урушлар таъсирида мадраса жуда ката талофот кўради. Иккинчи қаватдаги хоналар ва ташқи гумбазлар бузилиб кетади.
XX-асрнинг бошларида ўша даврнинг меъмор ва рассомлари томонидан мадрасани қайта таъмирлаш ишларининг асосий қисми амалга оширилди. 1918 йилда М.Ф. Мауер томонидан мадрасанинг бош минораси ва ер ости қисмларини қайта таъмирлаш лойиҳаси ишлаб чиқилади. Ярим аср давомида бинонинг юз қисми, шимолий томонининг ташқи деворлари қайта ғишт билан терилиб мустаҳкам қилинди. Ҳовли айвонлари мустаҳкамланди, маёлика, мозайка ва ўйма нақшлар қайта реставрация қилинди.
Ўтган аср охирида Улуғбекнинг юбилейи муносабати билан мадрасада таъмирлаш-реставрация ишлари бошланиб кетди. Лойиҳа мадрасанинг 2-қаватини тиклаб, меъморий керамика ва замонавий қурилиш материалларини ишлатган ҳолда жанубий-ғарбий деворларини тикланишини назарда тутарди.
Бугунги кунда Улуғбек мадрасаси Регистоннинг ноёб учта гавҳаридан бири бўлиб, Самарқанд тарихий марказининг бебаҳо безаги ҳисобланади.
Улуғбек мадрасаси ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон маданияти рўйхатига киритилган.
Самарқанд давлат университети
Самарқанд тамаддуни тарихи кафедраси.