Бугун билим трендда: фарзандини яхши ўқишига ҳаракат қилган ота-онага Ташаккур...

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетига янги ўқув йилида грант асосида талабаликка тавсия этилган ёшларнинг ота-оналарига Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродовнинг Ташаккурномалари топширилмоқда.
Жамиятимиз учун эркин фикрлайдиган, илм олишга қизиқиши кучли бўлган, ҳаракатчан ва масъулиятли ёшларга талаб жуда ҳам катта. Ўз ўрнида ёшларни тарбиялаш, уларни болалигидан билим олишга йўналтириш ҳам осон эмас. Бунда таълим муассасаларининг ҳам ўрни бўлса-да, энг катта масъулият ота-онанинг зиммасидадир.
Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов ташаббуси билан университетга кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаб, грант асосида талабаликка тавсия этилган ёшларнинг ота-оналарига махсус Ташаккурномалар ва эсдалик совғалари топширилмоқда. Ушбу тақдирлаш маросимларига талабанинг ота-онаси, маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик ҳам таклиф этиляпти. Фарзандини ўқитаётган, жамият учун керакли бўлган яна бир зиёлини тарбиялаган ота-она бугун маҳалла аҳлига ўрнак сифатида кўрсатилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Пайариқ тумани Оққўрғон маҳалласида бўлиб ўтди. СамДУ филология факультетига давлат гранти асосида талабаликка тавсия этилган Дилафрўз Рустамованинг ота-онаси Ширинбой Собиров ва Наима Собировага Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродовнинг Ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.
- Қизим ўқишга кирганда қандай ҳаяжонланган бўлсам, бугун ҳам кўнглим тоғдай кўтарилди, - дейди Дилафрўзнинг онаси Наима Собирова. – Қизимнинг ўқишига ҳозирдан алоҳида эътибор бериб, уни янада руҳлантираётган домлаларига ташаккур. Бугунги эътибордан кейин мен қизимни, Худо хоҳласа олим, зиёли инсон бўлишини ният қилдим. Насиб бўлса уни магистратура ва докторантурада ҳам ўқитамиз.
- Дилафрўз ёшлигидан она тили ва адабиёт фанига қизиқарди, - дейди Пайариқ туманидаги 84-мактаб ўқитувчиси, Дилафрўз Рустамованинг синф раҳбари Матлуба Холиқова. - Унинг шеърлар ёзиб туришидан ҳам хабардор эдик. Бугун у ўз билими билан талаба бўлди. Дилафрўзнинг Самарқанд давлат университетидаги кейинги фаолиятига омад тилайман. Ўқитувчи сифатида, айтишим мумкинки, одатда, спортчи ёшларга кўп эътибор берилади. Лекин Самарқанд давлат университети илм даргоҳи сифатида ўқишга бўлган интилишни, билимни қўллаб-қувватлаётган ота-оналарни эътироф этаётгани жамиятимиз ҳақиқатан ҳам интеллектуаллашиб бораётганидан далолат беради. Мен университет ректоридан алоҳида миннатдорман.
Отабек Саъдуллаев,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.