“Ўқишга қаттиқ тўймагунча ёзишга ўтманг...”

“Қалб ва қалам” лойиҳасининг галдаги меҳмони таниқли ёзувчи, Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси, Самарқанд давлат университети битирувчиси Дўстбек Сулаймонов
-Нега айнан наср йўлини танлагансиз?
-Наср - ҳамиша адабиётнинг асоси бўлиб келган. Лекин бугунги кун насри билан мақтана олмаймиз. Эҳтимол, назмдан кўра насрга эътиборнинг камлигидами ёки бошқа сабаблари ҳам борми билмадим. Насрнинг йўли оғир, уни ҳар ким ҳам доимий давом эттиролмайди. Отам адабиёт ўқитувчиси бўлгани учунми менинг шоир бўлишимни истарди. Ёшлигимда юзлаб шеърларни ёдлатарди. Ажабки, хотирам жуда кучли бўлиб, узундан-узун шеърларни ҳам бир пасда ёдлаб ташлардим. Уч-тўрт соатлаб шеър ва ғазаллар айтардимки, ҳамма ҳайрон қоларди. Шеър ёзишга уринишлар бўлган, бу машқларни катта устозларимиздан бири айтгандек “шиғир” ҳам деб бўлмасди. Менга наср сеҳрли ва тортимли эди. Романлар, қиссалар, ҳикоялар олами мени ўзига тобора мафтун этар, китобларнинг ичида яшардим гўё. Талабалик давримда мақола ва хабарлар ёзиб юрардим. Аста-секинлик билан наср ўзига тортаверди, бир нималар қоралаб юрдим. Бир-икки жойларда эълон қилинди ҳам. Кам-кам бўлсаям ёзиб юрдим. Кўпроқ мутоалаа қилишга уринардим.
-2020 йилда “Чўққиларга интилиб...” ҳикоялар тўпламингиз, 2021 йилда “Салом қани?” ҳажвиялар тўпламингиз нашрдан чиқди. Китоб чиқариш қандай жараён, бу жараёнда муаллифда тажриба бўлиш муҳимми?
-2003 йилдан бери ижод қиламан. Йиллар давомида тенгқурларим, ижодкорлар бот-бот китоб чиқариш фурсати келганини таъкидлаб келишди. Фурсати келган экан, вақти келиб нашр ҳам этилди.
Ижодкор нима учун китоб чоп этади? Биринчидан, сочилиб ётган ижодий ишларни яхлит тарзда кўриш, иккинчидан китобхон эътибори ва эътирофига эришиш учун. Ёзганларимни кимдир ўқиса фикр билдирса бундан бошим кўкка етади, янаям олдинга интиламан. Биринчи китобим ҳикоялардан иборат. У 2003 йилдан буён ёзилган ижодий ишлардан ташкил топган. Иккинчи китобим ҳажвиялардан иборат бўлиб, жамиятдаги иллатларга даво топиш, ечим топиш, муносабат бериш тарзида дунёга келган.
Иорданиялик ёзувчи Айман Ёғийнинг “Ўқишга қаттиқ тўймагунча ёзишга ўтмагин. Чунки сувқувур тўлсагина жўмрак очилади” деган гапи бор. Ҳақиқатан ҳам, ёзувчи ёзаётган нарсасини мукаммал билмас экан, ўқувчи уни ҳақиқат сифатида қабул қилолмайди. Менинг том маънодаги сув манбаим аввал мактабда, кейин университетда олган илмим бўлган. Бу борада Самарқанд давлат университетидан ҳамиша миннатдорман. Бу масканда олти йил таълим олганман. Ёшлигимнинг энг гўзал дамлари ўтган. Университетнинг жонкуяр ва фидойи ўқитувчилари сабаб менда адабиётга меҳр уйғонган. Устозларимнинг берган сабоқ ва маслаҳатлари ҳали ҳануз ҳаёт сўқмоқларимда асқотиб турибди. Мен бу даргоҳга ҳамиша таъзимдаман.
-Сизнингча, ёзувчилик истеъдодми ёки қисмат?
-Ёзувчилик – бу қисмат. Агар қисматлигига ишонмасангиз, даҳо адиблар – Хемингуэй, Марк Твен, Тагор, Толстой, Чехов, Достоевский, Айтматов, ўзимизда Абдулла Қодирий, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Одил Ёқубов, Шукур Холмирзаев кабиларнинг ҳаётини бир эсланг. Улар ҳар бири шу адабиёт деб умрини тикмадими?! Шу адабиёт деб яшаб ўтмадими?! Агар қисмат бўлмаса граф ва беҳад бой бўлган Толстой, ҳатто бугунги кунда бир миллион доллардан зиёд мукофоти бор Нобель совринини олишни истамаган Хемингуэй, дунёнинг энг мартабали ёзувчиси Чингиз Айтматов ҳам ёзувчиликни ташлаб бошқа касбни танлаб кетмаган бўлармиди?!
-2020 йилда “Nasr.uz” cайти ва телеграм канали (@Nasr_uz)ни ташкил этдингиз. Унда кўплаб ёш истеъдод эгаларининг қатор ҳикоялари бериб борилади. Уларни доимий кузатувчи ижодкор сифатида бугунги ёш носирлар ижодини қандай баҳолайсиз? Келажак насрида улардан кимларни кўра оласиз?
- Кичик жилғалар катта ирмоқларга, ирмоқлар эса дарёларга бошлаб боришини инобатга олганда, ҳар биримиз адабиёт учун кичкина бўлса-да ҳиссамизни қўшиб бораверсак мақсадга мувофиқ бўлади. Ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш борасида имкониятларимизни қўлдан келганча ишга соляпмиз. Бугунги ёш ёзувчилар орасида ижодда дадил қадам қўяётганлар кўп. Бу борада эртанинг умидлари даражасида ижод қилаётганлар борлиги бизни қувонтиради.
-“Ҳар бир асар ўз умрини яшайди” деган фикр мавжуд. Асарларингизнинг эртанги кундаги ўрни ва аҳамиятини қандай тасаввур қиласиз?
-Асарнинг умри ҳақида ёзувчи ҳеч қандай фикр беролмайди. Шундай ҳолатлар бўладики, умуман сиз кутмаган асар машҳур бўлиши ёки сиз ҳаддан зиёд меҳр берган, қалбингизда асраган асар бошқаларга манзур бўлмаслиги мумкин. Ёзувчининг иши асарининг тақдири учун қайғуриш эмас, балки умид билан ёзишдан иборат. Баъзан ёзувчилар билан суҳбатлашганда, ўқимайдиган авлод учун китоб ёзаётганлигини афсус билан айтишади. Лекин бу вақтинча деб ўйлайман. Бизнинг халқимиз азалдан маърифатли бўлиб келган ва албатта китобга қайтади.
-Бугунги замонда яратилган янги асарга реклама керакми?
-Реклама дейиш сал нотўғрироқ чамамда, янги асар тарғиботи десак тўғри бўлади. Тарғибот зарур деб ўйлайман. Ривожланган давлатларда асар тарғиботи билан ишлайдиган махсус адабий агентлар фаолият юритади. Улар ёзувчининг янги асарини мунтазам тарғиб қилади. Натижада асар кўп минг нусхада ўқувчилар қўлига етиб боради. Шунингдек, оғзаки тарғиботнинг ҳам ўрни катта. Ўқитувчилар, талабалар, ўқувчилар ва бошқа соҳа ходимлари орасида қайси китобни ўқигани, яхши томонлари ҳақида мунтазам гапириб турилса, албатта атрофдагиларга таъсир қилади.
Ҳаётда нимадан қўрқасиз?
-Бефарқликдан.
-Келгусида насрнинг қандай жанрларида қалам суриш ниятингиз бор?
-Айни пайтда насрнинг кичик жанрларида озми-кўпми қалаб тебратиб турибмиз. Албатта вақти келса, қиссага, кейинроқ роман жанрига қўл уришни ният қилиб турибман.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода Бекмуродова суҳбатлашди