Япониянинг Тоттори университети Самарқанд давлат университетида ваколатхона очади...
Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов Япониянинг Тоттори университети президенти, профессор Ҳиромитсу Накажима билан ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтириш юзасидан узоқ муддатли стратегик ҳамкорлик шартномасини имзолади. Тантанали маросимда Ўзбекистоннинг Япониядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов иштирок этди.
Ҳамкорлик шартномасига кўра Самарқанд давлат университетида Тоттори университетининг ваколатхонаси очилади.
Ушбу ваколатхонанинг асосий фаолияти Тоттори университети олимлари томонидан қурғоқчил ҳудудларда қишлоқ хўжалигини ривожлантиш бўйича ишлаб чиқилган янги инновацион ишланмалар ва билимларни Ўзбекистонга трансфер қилиш, синовдан ўтказиш ва амалиётга кенг жорий қилишга қаратилади.
Тоттори университетининг Қурғоқчил минтақаларни тадқиқ қилиш халқаро маркази олимлари ушбу ваколатхонани ташкил этиш ва уни ривожлантиришда бевосита иштирок этади.
Шунингдек, мазкур ваколатхона нафақат аграр йўналишда, балки муҳандислик, ахборот технологиялари соҳаларида ҳам ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва бу борадаги янги билимларни мамлакатимизга трансфер қилишни ўз олдига мақсад қилган.
Самарқанд давлат университетида ташкил этиладиган мазкур нуфузли ваколатхона нафақат Тоттори ва Самарқанд давлат университетлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиради, балки Япониянинг бошқа нуфузли университетлари билан ҳам ўзаро алоқа ўрнатиш имкониятини беради.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.