Президент соврини учун танлов
![](https://www.samdu.uz/upload/cover-images/63ed1870cafed-63ed1870cafee-63ed1870cafef-63ed1870caff0.jpg)
Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун “Рақамли технологиялар йўналишида энг яхши стартап” (President Tech Award) танловини ўтказиш тартиби тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга кўра ёшларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида умумий мукофот жамғармаси 1 миллион АҚШ доллари бўлган Президент соврини учун танлов ўтказилади.
Ушбу танлов:
соҳа ва тармоқлар ривожи учун хизмат қиладиган, ёшлар томонидан илгари сурилган илғор бизнес-ғоялар ва истиқболли стартап лойиҳаларни саралаш тизимини яратиш;
экспортга йўналтирилган ва жаҳон IT-бозорига мўлжалланган дастурий маҳсулотлар яратилишини қўшимча рағбатлантириш;
иқтидорли ёш дастурчилар тажрибаси ва уларнинг жамоада ишлаш кўникмасини ошириш;
ёшларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига бўлган қизиқишини янада кучайтиришга замин яратади.
Танлов 2023 йил май ойидан бошлаб 5 та асосий ва 1 та махсус йўналиш бўйича ўтказилади.
Аризаларни қабул қилиш, иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш, танловни ёритиш ва танлов ўтказилиши билан боғлиқ бошқа тадбирлар махсус портал орқали IT-парк дирекцияси томонидан амалга оширилади.
Ғолиблар Марказий банкнинг тўлов амалга ошириладиган кундаги расмий курси бўйича миллий валюта эквивалентида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:
а) танловнинг 5 та асосий йўналишлари бўйича:
1- ўрин учун - 100 000 АҚШ доллари;
2- ўрин учун - 50 000 АҚШ доллари;
3- ўрин учун - 30 000 AҚШ доллари;
б) танловнинг махсус йўналиши бўйича (битта) - 100 000 АҚШ доллари.
Рақамли технологиялар вазирлиги 2023 йил 1 майга қадар танлов иштирокчиларини рўйхатга олиш ва янгиликларни ёритиб боришга ихтисослаштирилган махсус портал ишга туширилишини таъминлайди.
Танлов ҳар йили ўтказилади.