Самарқанд давлат университети юридик факультетида талабаларнинг ота-оналари билан очиқ мулоқот ўтказилди…
![](https://www.samdu.uz/upload/cover-images/6406d591ee1a6-6406d591ee1a7-6406d591ee1a8-6406d591ee1a9.jpg)
Тадбирда СамДУ ўқув ишлари бўйича проректори Рустам Йўлдошев, ректор маслаҳатчиси Ислом Рустамов, ўқув-услубий бошқарма бошлиғи Шахриддин Муранов, факультет декани Раҳматулло Мирзаев, СамДУ хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳат кенгаши раиси Шарофат Тўхлиевалар иштирок этди.
Учрашувда таълим тизимидаги ўзгаришлар, имтиҳон жараёнлари, ҲEМИС тизимининг афзалликлари, чет тилини ўрганиш моҳияти, талабалар учун яратилган имкониятлар ва ёшларнинг психологияси бўйича сўз юритилди.
Самарқанд давлат университети юридик факультети декани Раҳматулло Мирзаев талабаларнинг таълим олишида фақат ўқитувчилар эмас, балки ота-онанинг фаоллиги муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Тадбир давомида профессор-ўқитувчи ва ота-оналар ўзаро фикр алмашдилар.
- Ўглимнинг таклифига биноан ота-оналар мажлисида иштирок этиш учун Самарқанд давлат университетига ташриф буюрдим. Фарзандим СамДУ юридик факультетида ўқийди, - дейди Бахтиёр Ҳайдаров. - Учрашув давомида томонлар учун манфаатли бўлган масалалар муҳокама қилинди. Чет тилларини ўрганиш фарзандимизнинг келажаги учун қай даражада муҳимлигини тушундим. Таълим тизимидаги ислоҳотлардан бохабар бўлдим. Қолаверса, Самарқанд давлат университети фаолияти билан танишдим. Ҳашаматли биноларда ўқиётган ўғил-қизларимизни кўриб ҳавасим келди. Улар билан фахрландим. Ёшларимизга яратиб берилаётган имкониятлар учун Президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдираман…
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.