Фотоника ва оптик алоқалар: Ўзбекистон илм-фанида янги тармоқ...
![](https://www.samdu.uz/upload/cover-images/64099b62b5b80-64099b62b5b81-64099b62b5b82-64099b62b5b83.jpg)
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Европа Иттифоқи ЭРАСМУС+ дастурининг “Олий таълим салоҳиятини ошириш” йўналишида молиялаштириш учун танлаб олинган “INMACOM: Ўзбекистондаги телекоммуникациялар меҳнат бозори эҳтиёжларини қондириш учун фотоника ва оптик алоқалар бўйича инновацион магистрлик дастури” лойиҳасини амалга ошириш бошланди.
Мазкур лойиҳа доирасида Ўзбекистонда телекоммуникациялар соҳасида меҳнат бозорини ривожлантириш учун университетлар ва ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқалар кенгайтирилиб, республикамиз ҳудудларида телекоммуникациялар ривожига ҳисса қўшиши мумкин бўлган фотоника ва оптик алоқага ихтисослашган янги авлод АКТ муҳандисларини тайёрлаш учун таълим базаси яратилади.
Ушбу ташаббуснинг амалий ифодаси сифатида Самарқанд давлат университетида “INMACOM: Ўзбекистондаги телекоммуникациялар меҳнат бозори эҳтиёжларини қондириш учун фотоника ва оптик алоқалар” йўналишида инновацион магистрлик дастури ташкил этиш бўйича семинар-тренинглар бўлиб ўтмоқда.
Учрашувларда Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги вакиллари, Самарқанд давлат университети мутахассислари ҳамда Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент Ахборот технологиялари университети, Италиянинг Турин политехника институти, Бельгиянинг Вриже ва Гент университетлари олимлари ва Европадаги бошқа ҳамкор университетларнинг мутахассислари иштирок этмоқда. Шу билан бир қаторда телекоммуникациялар соҳаси вакиллари бўлган “MIR SOLAR” компанияси ҳамда UZTELECOM нинг Хоразм филиали мутахассислари ҳам қатнашиши белгиланган.
Учрашувнинг биринчи кунида Ўзбекистондаги телекоммуникациялар меҳнат бозори эҳтиёжларини қондириш учун фотоника ва оптик алоқалар бўйича инновацион магистрлик дастури ва шу соҳада кадрлар тайёрлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилиниб, лойиҳани амалга ошириш учун тегишли масалалар бўйича хулоса ва тавсиялар алмашилди.
Ҳаким Хушвақтов, Самарқанд давлат университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори:
– Бугун Ўзбекистонда иқтисодиётнинг энг муҳим соҳалари учун кадрлар тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон олий таълим муассасаларида дунёнинг нуфузли университетлари билан ҳамкорликда янги дастурлар, ўқув йўналишлари очиш бўйича долзарб келишувлар олиб бориляпти. Бу каби саъй-ҳаракатларнинг замирида сифатли кадрлар тайёрлаш масаласи турибди. Мазкур дастурлар орқали замонавий ва малакали кадрлар тайёрлаш амалиёти йўлга қўйилмоқда. Самарқанд давлат университетида ўтказилаётган мазкур семинар-тренинг Европа Иттифоқининг ЭРАСМУС+ дастури доирасида молиялаштирилган бўлиб, Ўзбекистондаги телекоммуникациялар соҳасини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш учун фотоника ва оптик алоқалар бўйича инновацион магистрлик дастури лойиҳаси муҳокамасига бағишланган. Ушбу лойиҳанинг бажарилишига Ўзбекистондаги 5 нуфузли ОТМ мутахассислари жалб қилинган. Асосий мақсад: Ўзбекистонда телекомуникация ва қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш ҳисобланади.
Абдувоҳид Жумабоев, Самарқанд давлат университети Муҳандислик физикаси институти профессори, физика-математика фанлари доктори:
– Самарқанд давлат университетида фотоника ва оптик алоқалар бўйича инновацион магистрлик дастури лойиҳасини амалга ошириш бўйича муҳокамаларда олимларимиз ва хорижлик профессорлар иштирок этмоқда. Семинарнинг биринчи кунида мазкур соҳада кадрлар тайёрлашнинг моҳияти ва долзарб масалалари бўйича Самарқанд давлат университетида мавжуд бўлган имкониятларни таҳлил қилиш, ушбу янги соҳада магистрлар тайёрлашда олдимизда турган вазифаларни ҳал этиш масалалари кўрилмоқда. Бугунги кунда Самарқанд давлат университети Муҳандислик физикаси институти бу борада тўлиқ имкониятларга эга. Бунда Европанинг нуфузли, илмий салоҳияти юқори университетлари билан ўзаро ҳамкорликда фотоника ва оптик алоқалар йўналишини очиш бўйича cаъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Бугунги семинар бу борадаги ишларнинг дебочаси ҳисобланади.
Андреа Карена, Италиянинг Турин политехника университети профессори, фотоника ва оптик алоқалар йўналиши бўйича мутахассис:
– Фотоника ва оптик алоқа, оптик толали компонентлар фундаментал тадқиқот йўналиши дунёдаги ҳар қайси мамлакат учун муҳим соҳа ҳисобланади. Бугун ҳаётимизнинг асосий қисмига айланган смартфонлардан тортиб ноутбуклар, интернет тўлқини, у орқали ахборотларни узатиш жараёни – ҳамма-ҳаммаси фотоника билан боғлиқ. Фотоника, бир сўз билан айтганда, ёруғлик зарралари бўлган ёруғлик тўлқинлари ва фотонларни яратиш, бошқариш ва аниқлаш технологиясидир. Тўлқинларнинг хусусиятлари ва фотонларни ўрганиш орқали интернет тезлигини ошириш, маълумотларни тез, сифатли ва ишончли узатиш, рақамли тиббиёт каби муҳим тармоқларда самарали натижаларга эришиш мумкин. Айни пайтда Самарқанд давлат университетида мазкур соҳада магистратура йўналиши очиш ва ҳамкорликда илмий тадқиқотлар ўтказиш бўйича келишувлар, амалий таклифлар алмашилмоқда. Ўйлайманки, бу Ўзбекистон ОТМлари учун катта имконият. Самарқанд давлат университетида очилаётган янги фотоника ва оптик алоқалар магистратура йўналиши бу борада имконият эшикларни очишига ишонаман...
Қайд этиш жоизки, мазкур лойиҳа юртимизда, хусусан Самарқанд давлат университетида оптика, фотоника ва телекоммуникация соҳаларини янада ривожлантириш, юқори малакали мутахассис кадрларни етиштириш, янги ўқув дастурлари ва лабораторияларни ташкил этиш бўйича ҳамкорлик доирасида дастлабки муҳим қадамдир. Бунда Европанинг Италия ва Бельгия давлатлари университетлари билан яқиндан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш кўзда тутилган.
Ушбу лойиҳа Ўзбекистонда телекоммуникациялар соҳасида меҳнат бозорини ривожлантириш учун университетлар ва ишлаб чиқариш тармоқлари алоқаларини кенгайтириш билан бир қаторда, бутун республикамиз бўйича телекоммуникациялар ривожига ҳисса қўшадиган фотоника ва оптик алоқага ихтисослашган янги авлод муҳандисларини тайёрлаш учун таълим базаси яратишга асос бўлади.
Ирода БЕКМУРОДОВА,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.