Бугун юртимизда қалбларга олам-олам сурур, янгидан-янги орзу-ҳаваслар бахш этувчи Наврўз шукуҳи ҳукмрон. Қадимий тарихимиз, кўп қиррали буюк маданиятимиз, оламни кўркамлик либосига буркаган баҳор тафтидан уйғонган табиат, у туфайли кўнгилларда уйғонган янги туйғулар, орзу ва мақсадлар, халқимизнинг ўзи каби қадимий ва улуғ миллий қадриятлар ҳамда халқлар якдиллиги бугун бир нуқтада жам...

    Самарқанд давлат университетида Наврўз тантаналари эрта тонгдан ёзилган ош дастурхони билан бошланиб, Наврўз сайлларига уланиб кетди.  Миллий куй-қўшиқлар, бетакрор рақслар, ўзбек миллий таомлари ва либослари намойиши ҳақиқий байрам шукуҳини яратди.

    Ҳар йили катта тантаналар билан нишонланадиган эзгулик, хайр-саховат, шафқат ва шафоат айёми бўлган Наврўз байрамининг бу йилги қиёфаси Самарқанд давлат университети талабалари томонидан тайёрланган байрамона дастурлар, ижро этилган миллий қўшиқлар, бетакрор шеър ва саҳнавий чиқишлар билан янада сайқаллашди.

    – Халқимиз учун аждодлардан мерос миллий қадриятларимиз  қанчалик азиз бўлса, улардан мерос илм-маърифат ҳам шунчалик буюкдир, -дейди СамДУ юридик факультети декани Раҳматилла Мирзаев, - Бугунги кунда илм-фан бутун дунё ҳамжамиятида етакчи ўринга чиқди. Бугун илм-фан соҳасида турган ҳар бир инсоннинг олдига бу икки меросни ҳурмат қилиш, уни риожлантириш вазифаси қўйилади. Ҳар биримиз юртимизнинг ҳамиша илму маърифат, маданият ва тафаккур бешиги бўлиб келганлигини унутмаслигимиз лозим. Ишонаманки, миллийлик негизидан униб чиққан маърифат бизни энг юксак марралар сари етаклайди.

    – Айни шу бетакрор ва дилбар фаслда кўклам нафаси кириб келиши, куртакларнинг очилиши билан инсон вужудига баҳор нашидаси югургандек бўлади, - дейди СамДУ математика факультети талабаси Маржона Бобоқулова, - Барчанинг қалби яшнаб, куч-қувват, ғайрат ва шижоатга тўлгандек бўлади, ўзимизни табиатнинг узвий ва ажралмас қисми деб ҳис қиламиз. Бугун қайси миллат ва элат вакили бўлишидан қатъи назар, байрам тадбирларига ташриф буюрган ҳар бир киши байрамона кайфиятда, бу ажойиб айёмни катта шоду хуррамлик билан ўтказмоқда.

 

    Самарқанд давлат университети
    Ахборот хизмати.
    Шавкат Акрамов олган суратлар.