Самарқанд давлат университетига Туркиянинг Памуккале университети ректори, профессор Аҳмет Кутлухан бошчилигидаги делегация ташрифи чоғида айнан ушбу масаладаги шартнома имзоланди...

    Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов билан олиб борилган икки томонлама музокараларда агротехнологиялар, агрокимё ва ўсимликлар ҳимояси, шунингдек, боғдорчилик соҳаларида ҳамкорликда илмий тадқиқотлар ташкил қилиш, магистратура ва докторантурада таҳсил олаётган ёш тадқиқотчиларнинг мазкур соҳаларга оид тадқиқотларида илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

    Самарқанд давлат университети ва Памуккале университети ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда бугунги кунда Туркияда ва жаҳонда эришилган замонавий агротехнологияларни, жумладан қишлоқ хўжалиги соҳасида энг қулай, татбиқ этилиши осон ва самарали усуллар ва техникаларни бир жойда жамлаш мақсадида Инновацион агротехнологиялар трансфери офисини ташкил қилиш бўйича шартнома имзоланди. Марказ агрокимё, агротехнологиялар ва ўсимликлар ҳимоясига қаратилган муҳим йўналишларни ўз ичига қамраб олиб, мазкур соҳаларда илмий тадқиқотлар олиб бориш, тадқиқот натижаларини қишлоқ хўжалиги тармоқларига самарали татбиқ қилиш, соҳада замонавий ва малакали кадрлар тайёрлаш каби мақсадларни кўзда тутиши белгиланган.

 

 

    Ирода БЕКМУРОДОВА

    Самарқанд давлат университети
    Ахборот хизмати ходими.
    Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.