Халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан Асосий қонунимизда муҳрланган бу принциплар – мамлакатимизнинг тараққиёт йўли ва тақдирини, унинг келажагини белгилаб берган ушбу “бешта устун” ҳеч қачон ўзгартирилмаслиги қайд этилди.

    "Дунёда кундан-кунга янги-янги синовлар, хавф-хатар ва таҳдидлар пайдо бўлаётганини барчангиз кўриб турибсиз.

    Энг нуфузли сиёсатшунос ва экспертлар ҳам, “ақл марказлари” ҳам, жаҳонда содир бўлаётган ҳозирги зиддият ва тўқнашувлар қачон ва нима билан тугашини айта олмаяпти.

    Шундай мураккаб вазиятда, ҳар бир ишимизда, қабул қилаётган барча қонун ва қарорларимизда фақат ва фақат халқимиз, Ватанимиз манфаатлари энг устувор ўринда туриши шарт!" - деди Президент.

    Бунинг учун, биринчидан, ота-боболаримизнинг асрий армони бўлган, тенгсиз ва буюк неъмат – мустақиллигимизни асраб-авайлаш, уни янада мустаҳкамлаш ва келгуси авлодларга мерос қилиб қолдириш барчамиз учун ҳаёт-мамот масаласи эканини унутмаслигимиз зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

    "Биз уч минг йиллик давлатчилик тарихига, бой ва бетакрор маданиятга эга бунёдкор халқмиз. Қирқ миллионга яқинлашиб бораётган аҳолимизнинг тақдири ва истиқболи, фаровон ҳаёти учун масъул ва жавобгармиз.

    Шу сабабдан юртимизда тинчлик ва барқарорликни асраш ва мустаҳкамлаш бундан буён ҳам энг муҳим вазифамиз бўлиб қолади", - деди давлат раҳбари.

    Ушбу мақсадда миллий хавфсизликни таъминлаш, Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини оширишга қаратилган ишлари янги босқичга олиб чиқилиши, “Хавфсиз шаҳар”, “хавфсиз маҳалла”, “хавфсиз кўча” концепциялари жадал амалга оширилиши айтилди. 

    Дунёдаги ҳозирги мураккаб вазиятда тинчликсевар ташқи сиёсат давом эттирилиши, узоқ ва яқин давлатлар билан дўстлик алоқалари, барча соҳаларда ўзаро ҳамкорлик ривожлантирилиши таъкидланди.