Туркий давлатлари ташкилотининг Турк дунёси университетлари иттифоқи (ТУРКУНИБ) нинг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.

    Нуфузли тадбирда Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов, “Ипак йўли” туризм халқаро ва маданий мерос университети ректори Азиз Абдуҳакимов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котибининг ўринбосари Саъди Жафаров, Озарбайжон давлат иқтисодиёт университети ректори Адалат Муродов, Манас университети ректори Алпаслан Жейлан, Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева, Туркий тиллар академияси президенти маслаҳатчиси Сексенбай Тлеужан,  Турк маданияти ва мероси фонди тадқиқотчиси Элвира Танагузовалар маърузалари билан иштирок этди.

    «Ипак йўли» туризм халқаро ва маданий мерос университети мезбонлик қилган анжуман Турк дунёси ОТМлар иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик ва дўстликни мустаҳкамлаш, таълимни ривожлантириш, илмий тадқиқотлар билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш мақсадида ўтказилди.

    ТУРКУНИБ нинг махсус сессиясида академик ҳамкорликни ривожлантириш, турк дунёси университетлари ўртасидаги муносабатларни кенгайтириш, талабалар учун алмашинув ва амалиёт дастурларини яратиш, стипендиялар ажратиш,  иттифоққа аъзо барча мамлакат университетларида юқори сифатли таълим стандартларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

    Рустам Холмуродов, Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

    - Сўнгги йилларда Ўзбекистон замонавий ташқи сиёсатининг янги ёндашувларга таянган ҳолда кўп томонлама ҳамкорлик шаклларидаги фаолиятини сезиларли равишда ривожлантириш йўлидан бораётганлиги барчамизга маълум. Бунинг намунаси сифатида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини эътироф этиш мумкин. Ушбу тузилмага Ўзбекистон 2019 йил октябрда Боку шаҳрида ўтказилган саммит доирасида аъзо бўлди. Юртимиз ушбу Кенгашдаги иштироки орқали туркий дунёда бирдамлик руҳи ва ишонч муҳитини мустаҳкамлаш сиёсатига содиқлигини ҳамда ташкилот доирасида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр… Бугунги йиғилишимиз сабаби, Туркий давлатлар ташкилоти туркий олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик ва дўстликни мустаҳкамлаш, таълимни ривожлантириш эканлиги ниҳоятда қувонарлидир. Шуни эътиборга олган ҳолда, Самарқанд давлат университети ҳам Туркий университетлар иттифоқига аъзо бўлиш истагини билдиради. 

    Маълумот учун, Турк дунёси университетлари иттифоқи кенгаши 2013 йилда ташкил этилган. Ҳозирда Иттифоқнинг Қозоғистон, Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Венгриядан 40 дан ортиқ аъзоси бор.

 

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.