Самарқанд давлат университети оранжереяси бўйича bbc.com сайтида  Диёра Рафиеванинг мурожаати эълон қилинган эди. Унда 1969 йил ва ҳозирги ҳолатдаги суратлар таққосланган.  Зафарбек Солижонов ҳам ўзининг телеграм каналида ушбу хабарни чоп қилган.

    Самарқанд давлат университети Ахборот хизмати қуйидагиларни маълум қилади:

    Самарқанд давлат университети оранжереяси 1970-1971 йилда академик Ёрқин Тўрақулов ташаббуси билан  қурилган. Ўша вақтда узунлиги 71.5 метр, эни 14.3 метр ва баландлиги 3.5 метрни ташкил қилиб, 50 га яқин ўсимликлар парвариш қилинган.

    Самарқанд давлат университети оранжереяси бугунги кунда нафақат тадқиқот олиб борувчи лаборатория, балки ноёб ўсимликлар мавжуд бўлган маскан ҳисобланади. Оранжереядаги ўсимликлар коллекциясининг аҳамиятли томонларидан бири узлуксиз ва қўшимча таълим жараёнида, шунингдек олимлар, илмий ходимлар, изланувчилар, талабаларнинг илмий-тадқиқот ишларини амалга оширишида биологик ва экологик захира сифатида ҳам фойдаланилади.

    Ҳозирда бу ерда дунёнинг турли жойларидан келтирилган ёпиқ шароитда ўстириладиган манзарали, тропик ва субтропик ўсимликларнинг 250 дан ортиқ тур ва навлари мавжуд.

    Оранжерея ўсимликлар коллекциясидаги лавр, кофе, қовун дарахти, агава, пальмалар, банан, кактуслар, япон мушмуласи каби ўсимликлар кўпчиликнинг эътиборини тортиб келмоқда.

    Ушбу оранжерея СамДУ биокимё институти кампусида жойлашган бўлиб, унинг ёнида чет эллик меҳмонларни қабул қиладиган делегация зали қурилмоқда. Ўзбекистондаги олий ўқув юртларидаги оренжереялари ичида ягона бўлганлиги учун ҳам хорижлик меҳмонларда қизиқиш уйғотади…

    2022 йилда баланд бўйли тропик ва субтропик ўсимликлар ўсиши учун қулайроқ, замонавий ва янги типдаги оранжерея қурилиши бошланди. 2023 йилнинг июнь ойи охирига қадар тугалланиши кутилаётган оренжереянинг узунлиги 73 метр, эни 16 метр ва баландлиги 7.70 метрни ташкил қилади. Эски ва янги кўринишдаги оренжереяни таққослайдиган бўлсак, деярли 3 баробар кенгайиганлигини кўрамиз.

    Эски оренжереяга кирганингизда майдон торлиги ва ўсимликларнинг зич жойлашганлиги ҳисобига нафас олиш қийинлашарди. Қон босими мавжуд кишилар узоқ муддат қолиб кетолмас эди.  Қайта таъмирланган ва кенгайтирилган оранжереяда эса буларнинг барчаси инобатга олиниб, замон талабларига мос равишда қурилди. Ушбу оранжереяда жорий йил якунига қадар 500 дан зиёд манзарали, тропик ва субтропик ўсимликлар парвариш қилиниши режалаштирилган.

    Шунигдек, оранжерея ходимлари ва мутахассислари Самарқанд шаҳри кўкаламзорлаштириш ва ландшафт дизайни учун маслаҳат ва таклифларини билдирмоқда.

    bbc.com сайтида ҳамда Зафарбек Солижонов телеграм каналида таққослаган суратлар бўйича қуйидагиларни маълум қилмоқчимиз. Тахминимизча 1969 йилги ҳолат дея акс эттирилган манзара жорий йилдаги аномал совуқдан олдин олинган суратдир.  Ҳозирги ҳолати деб эълон қилинган  сурат эса жорий йилнинг бошида аномал совуқ вақтида олинган.

    Тўғри тан олиш керак, совуққа қарши тезкор чоралар кўришга қарамай оранжереядаги 15-20 фоиз ўсимликлар нобуд бўлди. Айни вақтда оранжереядаги қолган ўсимликлар талаб даражасида парвариш қилинмоқда, хавотирланишга ҳеч қандай ўрин йўқ. Бу университетдаги ботаник олимларнинг доимий назоратида.

    Шуни алоҳида таъкидлашимиз жоизки, СамДУ биология факультети Россия, Хитой, Покистон, Ҳиндистон, АҚШ, Италия, Япония, Туркия каби давлатларнинг нуфузли биолог олимлари билан ҳамкорлик алоқаларини олиб бормоқда. Ушбу оранжерея фаолиятини янада яхшилаш учун хорижий олимларнинг маслаҳат ва таклифлари ҳам инобатга олинмоқда.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.