Самарқанд давлат университети Муҳандислик физикаси институтида физика фани бўйича Республика фан олимпиадаси ўтказилди…
Мазкур фан олимпиадасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг olimpiada.edu.uz платформаси орқали рўйхатдан ўтган 50 га яқин талабалар қатнашди.
Олимпиада икки босқичда ўтказилди.
Иштирокчилар биринчи босқичда 50 саволдан иборат тестда билимларини синовдан ўтказди. Ҳар бир тўғри жавоб бир баллдан баҳоланди. Талабаларнинг 1-тур бўйича олган баллари тўғрисидаги маълумот тест якунлангандан сўнг, 1 соат ичида olimpiada.edu.uz электрон платформасига жойланди. Шунингдек, 1-тур бўйича тест саволларига 70% тўғри жавоб берган талабалар (50 баллдан 35 балл тўпласа) кейинги 2-тур босқичига ўтказилди.
Иштирокчилар иккинчи босқичда лаборатория машғулотларини бажарди. Топшириқ учун 120 дақиқа вақт ажратилди. Амалий қисмда ҳар бир фан бўйича 1 топшириқ берилди ва 50 баллик баҳолаш тизимида баҳоланди.
Олимпиада шаффофликни таъминлаш мақсадида видеокузатув камераси орқали ёзиб олинди.
Якуний натижаларга кўра қуйидаги талабалар юқори ўринларни қўлга киритиб, магистратурага давлат гранти асосида ўқишга кириш имкониятига эга бўлди:
1-ўрин – Навоий давлат педагогика институти талабаси Соҳибжамол Мирзакандова;
2-ўрин – Самарқанд давлат университети талабаси Дилшод Шарипов;
3-ўрин – Тошкент давлат педагогика университети талабаси Сарвар Амиров.
Шунингдек, олимпиадада фаол иштирок этган талабалар Самарқанд давлат университетининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.