Алқор (илмий номи “Mediasia macrophylla Pimen”) ҳам доривор, ҳам зиравор ўсимлик бўлиб, ўзининг бир қатор шифобахш хусусияти билан халқ орасида машҳур. Алқорнинг ер устки қисми парфюмерия соҳасида хушбўй ифор берувчи, тиббиётда кучли иштаҳани очувчи восита ҳисобланади. Алқор таркибида ревматизм, нефрет, экзема, герпес, ошқозон – ичак, жигар ва шикастланган жойларни даволаш хусусиятига эга моддалар мавжуд.

    Халқ табобатида ўсимликнинг пояси, барглари ва гуллари қўлланилади. Ўсимлик асаб тизимига ижобий таъсир кўрсатиб, юрак қон-томир тизимини яхшилайди, қон босимини меъёрига келтиради. Униг ер устки қисмидан озиқ-овқат саноатида, гўшт ва балиқ консервалари тайёрлашда фойдаланилади. Баргларидан дамланган чой хуштаъм доривор восита сифатида кайфиятни кўтариб, руҳиятни тетиклаштиради. Таомларга қўшилса, тез айнишнинг олдини олади.

    Ўсимликнинг уруғи, барги ва гули таркибида жуда кўп миқдорда эфир мойи ва мураккаб липидлар мавжудлиги ундан озиқ-овқат саноатида хушбўй эфир манбаи сифатида фойдаланиш имконини беради.

    Зебинисо Умурзакова

    СамДУ ботаника кафедраси доценти,

    Юлдуз Икромова

    ЖДПУ ўқитувчиси