Қабул жараёнида қандай янгиликлар бор?!

Самарқанд давлат университети магистратура маркази бошлиғи Нигора Низамова магистратурага қабул жараёнига оид янгиликлар, яратилган имкониятлар, қабул тартиби, ажратилган квоталар билан боғлиқ саволларга жавоб берди...

    – Самарқанд давлат университетига 2023-2024 ўқув йили учун магистратурага қабул режасига мувофиқ жорий йилги қабулда қандай янгиликлар бор?

    – Бу йилги қабул режасига мувофиқ, Самарқанд давлат университети 2023-2024 ўқув йилида магистратура учун жами 524 та квота ажратилган бўлиб, шундан 428 таси давлат гранти асосида, 96 таси тўлов-контракт асосида қабул қилиниши режалаштирилган. Таълим уч тилда: ўзбек, тожик ва рус тилларида олиб борилади. Қабул эълон қилинган магистратура мутахассисликлари орасида бир нечта янгилари ҳам бор. Масалан: физика: фотоника, астрономия, гидрология, биотехнология (мева-сабзавотчиликда) кабилар шулар жумласидан. Шунингдек, ўтган йилгидан фарқли равишда фалсафа, рақамли иқтисодиёт мутахассисликларига бу йил қабул йўқ. 

    – Жорий йилги қабул режасида аниқ ва табиий фанлар бўйича мутахассисликлар учун барча квоталар давлат гранти учун ажратилган. Бунга сабаб нима?

    – Аввало, аниқ ва табиий фанлар фундаментал фан сифатида жамият тараққиёти билан бевосита боғлиқ бўлиб, уларнинг ривожи мамлакат иқтисодиёти тараққиётига алоҳида таъсир кўрсатади. Таъкидлаш жоизки, Президентимиз томонидан кейинги йилларда аниқ ва табиий фанлар ривожи учун жиддий эътибор кучайтирилмоқда. Жумладан, умумтаълим ва олий таълимда ўқув сифатини юксалтириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилиб, амалий қўлланишга оид изланишлар имтиёзли йўналиш сифатида белгиланди. Фундаментал фанлар, аввало, атроф ва олам ҳақида зарур ва муҳим билимлар манбаи бўлиб хизмат қилса, иккинчидан инсон имкониятларини бойита бориб, инсониятнинг техник тараққиёт йўлида дадил қадам ташлаши учун асос яратади. Шунинг учун мазкур соҳаларда илмий тадқиқот билан шуғулланишни истаган ёшларга кенг имконият бериш мақсадида квоталар тўлиқ давлат гранти асосида ажратилган.

    – Агар абитуриент мазкур мутахассисликларда қабул чегарасига кира олмаса, қўшимча тарзда контракт тўлаб ўқиши мумкинми?

    – Қабул натижаларига кўра, талабгорлар сони ва университетнинг ички имкониятидан келиб чиққан ҳолда Вазирлар Mаҳкамасининг тегишли рухсати билан қабул қилиниши мумкин.

    – Магистратурага тил сертификатисиз ўқишга кириш бўйича имтиёзлар ҳақида маълумот берсангиз...

    – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20.10.2022 йилдаги ПҚ-407-сон қарорига мувофиқ, давлат олий таълим муассасаларининг магистратура мутахассисликларига ўқишга қабул қилишда кўриш, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахслар томонидан хорижий тилни билиш бўйича миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатни тақдим этиш талаб этилмайди.

    Шунингдек, Президент ва номли давлат стипендиялари совриндорлари, Зулфия номидаги Давлат мукофотлари соҳибалари, “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиблари, фан олимпиадаси ғолиблари умумий квотадан ташқари имтиёз асосида магистратурага қабул қилинади.

    Шу билан бирга магистратура мутахассисликларига кирадиган, кимё, биология, информатика ва ахборот технологиялари йўналишларини имтиёзли дипломга битирган битирувчилар учун тил сертификатисиз топшириш имкони мавжуд. Фақат бу имтиёз битирувчининг ўзи ўқиган олийгоҳига ўтади. Бу йўналишлар квотадан ташқари имтиёзли йўналишлар ҳисобланади, қолган йўналишдаги, имтиёз билан тугатган талабалар ҳамма қатори чет тили сертификати билан топширади.

    – B1 даражадаги тил сертификати билан магистратурага кириш мумкинми?

    – Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланган меъёрларга кўра, нофилологик таълим йўналишлари учун В2, филология таълим йўналишлари учун С1 даражадаги сертификат талаб қилинади. B1 даражадаги сертификат магистратурага ўқишга тавсия қилиш учун асос бўлолмайди.

    – Агар талабгорлар даражасидан келиб чиқиб, С1 ёки В2 даражали сертификат эгалари сони қабул квоталарини тўлдиришга етмаса, B1 даражали сертификат олганлар қабул қилиниши мумкинми?

    – Абитуриентни магистратурага ўқишга тавсия этиш давлат комиссияси қарори асосида амалга оширилади. Бу масала университет хоҳишига боғлиқ эмас. Балки, тегишли қарор билан қабул қилиниши мумкиндир, олдиндан бир нарса дейиш қийин...

    – Магистратурага тил сертификати талабининг жорий этилишига шахсий муносабатингиз қандай?

    – Сўнгги йилларда жамиятда магистрлар статусини оширишга ҳаракат қилинмоқда. Балки ҳозир бакалавр ва магистр битирувчилари учун меҳнатга ҳақ тўлаш, муайян лавозимга қабул қилиш талаблари бир хилдир. Аммо, вақти келиб, магистратура битирувчилари статуси ошади. Магистратурага тил сертификати билан кирган магистрантлар олдинги битирувчилардан фарқли равишда ўз тадқиқотлари учун зарур бўлган хорижий илмий манбалардан ҳеч қандай қийинчиликсиз фойдаланишмоқда.  Уларда халқаро нашрларда илмий ишларини чоп этиш даражаси ҳам анча юқори. Тилни билиш тадқиқотчига соҳага оид муҳим илмий манбалардан эркин фойдаланиш имконини беради. Тан олиш керак, илмий манбаларнинг кўпчилиги чет тилида. Ўзбек тилига таржима қилинган илмий адабиётлар сони кам. Чет тилини билган илмий тадқиқотчи келгусида илмий таржималар билан ҳам бемалол шуғуллана олишига ишонаман.

    Бугунги кунда мамлакатимиз ёшларида илм-фан ва илмий тадқиқот билан шуғулланишлари учун етарлича имконият бор. Биргина, магистратурада таҳсил олаётган хотин-қизларнинг контракти давлат томонидан тўлаб берилиши аёллар учун илм олиш сари кенг имконият йўлини очди. Бугун олий таълимдаги қизлар учун яратилган ҳар бир имконият нафақат бир қизга у орқали бир оилага, бутун бир жамиятга берилган имконият, қилинган яхшиликдир. Илгари қизларнинг магистратурада ўқиши анча қийин эди. Аксарият қизлар тўрт йил давомида шартнома пулини тўлаб келган оиласига ботиниб “магистратурада ўқийман” деёлмасди. Энди бу муаммо бўлолмайди.

    Истардимки, эртанги кунимиз эгалари бу каби имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда илм олишсин ва порлоқ келажагимизнинг мустаҳкам пойдеворларини қўйсинлар.

 

    Самарқанд давлат университети
    Ахборот хизмати ходими
    Ирода Бекмуродова суҳбатлашди