Самарқанд давлат университети талабалари томонидан “OZODLIK RADIOSI” каналидаги “САМДУ ТАЛАБАЛАРИДАН ҚАЙТА ИМТИҲОНЛАР УЧУН ПУЛ ТЎЛАШ ТАЛАБ ҚИЛИНМОҚДА” номли   мурожаати бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз:  

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги ПҚ-3775-сон қарорининг 4-бандида “таълим йўналишларининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда талабалар билимини баҳолашнинг замонавий, шаффоф ва адолатли усулларини, шу жумладан муайян фандан дарс берган педагогнинг якуний назорат жараёнларидаги иштирокини истисно этадиган тизимни жорий этиш” вазифаси белгиланган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 24 июлдаги “Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  571-сон қарорининг 1-бандида “Талабалар билимини холисона баҳолаш ҳамда назорат қилишнинг шаффоф ва адолатли тизимини ишлаб чиқиш, таълим жараёнига татбиқ этиш ҳамда мунтазам такомиллаштириб бориш” топшириғи берилган.

    Ушбу топшириққа асосан, 2019 йилдан университетда якуний назоратларни шаффоф ва адолатли ўтказиш мақсадида “Талабалар билимини баҳолаш бўлими” ташкил этилди. Бундан кўзланган асосий мақсад муайян фандан машғулот ўтказган ўқитувчилар якуний назоратга жалб этилмайди, якуний назорат ишлари (сканерланган электрон шакли) республикадаги бошқа олий таълим муассасаларига юборилиб, уларнинг профессор-ўқитувчилари томонидан яъни ташқи баҳоланади. Ҳар бир якуний назорат ишларини текширган профессор-ўқитувчиларга белгиланган вақт меъёрлар асосида университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги “Олий таълим муассасаларида таълим жараёнини ташкил этиш билан боғлиқ тизимни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 824-сонли қарорининг 1-бандида, 2020/2021-ўқув йилидан бошлаб республика олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини босқичма-босқич кредит-модул тизимига ўтказиш тартиби жорий этиш вазифаси белгиланган. Шунга асосан, университетнинг 1-3 курсларда ўқиш ушбу қарор асосида амалга оширилмоқда.

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги 824-сонли қарори билан Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнига кредит-модул тизимини жорий этиш тартиби тўғрисида НИЗОМ тасдиқланган, ушбу низомнинг VI боб. Баҳолаш, баҳоларни конвертация қилиш, 29-бандида, талабалар таълим дастури доирасида ўқитиш шаклидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланган баҳолаш мезонлари асосида баҳоланади, деб кўрсатилган.

    Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2018 йил 9 августдаги “Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими тўғрисидаги низом” 19-2018 сонли буйруғи билан тасдиқланган, мазкур низом Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 26.09.2018 йилда 3069 рақам билан рўйхатдан ўтказилган.

    “Озодлик радиоси”да эълон қилинган мурожаатда dalil.uz мухбири, блогер Жавоҳир Султонов Самарқанд давлат университетида “адолатсизлик бўлмоқда”, “университетда пора олинмоқда”, “талабаларга баҳолар атайлаб қўйиб берилмаяпти ва унинг эвазига пул олинмоқда”, “талабалар декан ёки ректорга мурожаат қилганда талабанинг ўзини дабдаласини чиқаришмоқда”, “университетни мафия бошқармоқда”, - деган бўҳтон сўзлари билан университет  ва профессор-ўқитувчилар шаънини оёқости қилмоқда.

    Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, блогер Жавоҳир Султонов айтган важлар ҳеч қандай қонунчиликка мос келмайди. Энг асосийси, университетдаги якуний назоратлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда вазирлик буйруқлари асосида ташкил этилган. У ҳақиқий ҳолатни билмасдан, унга берилган ахборотни мутлақо ўрганмасдан, ҳақиқатга тўғри келмайдиган, бўҳтон маълумотларни кенг оммага тақдим этиб, Ўзбекистонда ҳамда халқаро даражада ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган Самарқанд давлат университетини обрўсизлантиришга ҳамда университетнинг кўп сонли профессор-ўқитувчилари жамоасига маънавий зарар етказишга дахл қилмоқда.

    Самарқанд давлат университети Ахборот хизмати барча учун очиқ. Ахборотларни чуқурроқ ўрганиб, кейин оммага тақдим этишни тавсия этамиз. Бу борада ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

 

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.