Сиъан Жиатонг университети таклифига биноан Самарқанд давлат университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ҳаким Хушвақтов бошчилигидаги делегация Хитойда бўлиб турибди.

    Ҳаким Хушвақтовга Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти директори Тошпўлат Ражабов ҳамда Инсон ресурслари ва маҳалла тараққиётини бошқариш институти директори Шоҳрух Жўрақуловларлар ҳамроҳлик қилмоқда.

    Ташрифнинг илк кунида СамДУ делегациясини Сиъан Жиатонг университети проректори Хи Гуанг кутиб олди. Мулоқотда Самарқанд давлат университетида ташкил этилган Хитой маркази фаолияти, унинг мақсад ҳамда вазифалари ҳақида фикр юритилди.

    Ташрифнинг иккинчи кунида Сиъан Жиатонг университетининг Осиё-Европа тадқиқотлари марказида тақдимот ўтказилди. Бунда Самарқанд давлат университети тузилмаси ва олиб борилаётган ишлар, халқаро ҳамкорлик, илмий ишлар, университет рейтинги ҳақида батафсил маълумот берилди. Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда Инсон ресурслари ва маҳалла тараққиётини бошқариш институти бўйича алоҳида маъруза қилинди.

    Ташрифнинг учинчи кунида Сиъан Жиатонг университетининг Жамият ислоҳоти ва бошқарув институти фаолияти ўрганилди. Ўзбекистонда камбағалчиликни қисқартириш бўйича ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, мазкур институтда Самарқанд давлат университетининг тадқиқотчилари магистратура ва докторантурада таҳсил олишига келишилди.

    Бундан ташқари университет вакиллари Сиъан Жиатонг университетида қишлоқ хўжалигида сувни тежовчи технологияларни ишлаб чиқиш, сувни тежашда самара берадиган ускуна яратишда олиб борилаётган ишлар билан танишди. Физика соҳасида эришилаётган ютуқлар қишлоқ хўжалигида самара бераётганига, яъни томчилаб суғоришда янги технологиялардан фойдаланилаётганига гувоҳ бўлишди. Мазкур йўналиш бўйича Хитой тажрибасини ўрганиш мақсадида СамДУ олимлари Сиъан Жиатонг университетига тадиқоқот олиб боришига келишилди. Шунингдек, сунъий интеллектнинг қишлоқ хўжалигида аҳамияти, сувдан оқилона фойдаланиш, сув тежовчи технологияларнинг долзарблиги бўйича фикрлар жамланди. Бу борада истиқболли режалар ишлаб чиқиладиган бўлди.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.