1961 йил март ойида СамДУ нинг мажлислар залида Ғафур Ғулом билан учрашиш учун шаҳар аҳли, ўқувчилар, талабалар тўпланишди. Айниқса, олдинги қаторларда жой олиш, шоирни яқинроқдан кўриш ва эшитиш истагидаги юзлаб толиби илмлар эшикдан киришга ошиқар эдик.

    Ҳали киришга улгурмасимизданоқ Ғафур Ғуломни ҳамроҳлари билан вилоят раҳбарлари кузатиб келиб қолишди. Бир қисмимиз уларга йўл беришга мажбур бўлдик.  «Йўлак» очилганидан фойдаланган бир гуруҳ қизлар олға интилишди. Қизлар ҳам меҳмонларга аралашиб кетишди. Шунда Ғафур Ғулом ўша қизларнинг бир нечтасини тўхтатиб, нималардир деяётганлигига кўзимиз тушди. Қизлардан бирининг гапига Ғафур Ғулом кулиб юборди. Сўнг ҳамма бирин-кетин мажлисхонага кириб кетди. Гулдурос қарсаклар остида меҳмонлар президиумдан жой олишди. Тантана бошланди. Ғафур Ғулом ҳақида ким гапирмасин, зал уни ҳам шоирга қўшиб олқишларди. Ғафур Ғулом эса ўтирган чоғиданоқ кисасидан қоғоз ва ручка чиқарди. Залга бир зум нигоҳ ташладию, нималарнидир ёза бошлади. Маърузачиларнинг нутқи унга тегишли эмасдек, ўзи билан ўзи банд эди. Чеҳрасида баъзан нимкулги балқир, баъзан ўта жиддийлик намоён бўларди. Биз табиийки, сўзга чиқувчиларнинг гапларига муносабат билдириш учун бирор нарсалар қоралаётган бўлса керак, деган фикрга борардик. Сўз берилганда уларни «бопласа» керак, деб ўйладик.

    Мажлис раиси Ғафур Ғуломга сўз берди, олқишлар янгради. Шоир ўнг қўлини кўтариб, залдан тинчланишни сўрадида, “сизларга бағишлаб ҳозиргина ёзганим шеъримни ўқиб бераман” деди:

    “СамДУ қопқасида бир қизни кўрдим”.

    Бу мисрани эшитиш билан залдагилар гулдурос қарсак чалиб юборишди. Бироздан сўнг шоир мамнун қиёфада залга нигоҳ ташлади ва қўлини кўксига қўйиб, раҳмат, дегандай эгилиб қўйди. Бир зумда зал шунчалик тинчландики, пашша учса ҳам эшитиларди. Ғафур Ғулом жарангдор ва ширали овозда шеър ўқий бошлади.

СамДУ қопқасида бир қизни кўрдим,

Етти ранг товланган қуёш каби пок.

Кошки эди ўттиз йил орқага қайтиб,

Ишқимни айтсайдим, қилиб ёқа чок.

Сўзларнинг жаранги эшитмак учун,

Изланиб, тополдим баҳона – савол.

Самарқанд тонгининг йилидай майин

Кулимсираб лаб очди, бир бутун жамол:

-Майиз бозорига чапдан борилур,

Анжир ҳам шу ерда, анор ҳам шунда.

Мунча ҳам соддасиз, мунча ўзбексиз,

Йўл етиб бўларми, ёп-ёруғ кунда…

Агарчи, қадимий Самарқандийман,

Кафтим чизиғидий ҳамма ер аён.

Бағрини эркалаш, мусиқа тинглаш,

Ғоят зарур эди шу нозик баён.

СамДУ қопқасида кўрганим қизнинг

Қаймоқ мазмунига жоним омода.

Самарқанд мазмунли кўркам юлдузни

Севсам севибманда, ўзбекман, содда…

    СамДУ нинг қизи - “Илҳом париси” сабаб Ғафур Ғулом ҳамма самарқандликларга меҳру муҳаббатини ана шундай изҳор этди. Айни пайтда, бетакрор бадиҳагўй шоирлигини ёшликни жуда ҳам қўмсаган ҳазилкаш ва нуроний инсонлигини умуман, ўзбекнинг содда мутаффакири, шеъриятимизнинг кўркам юлдузи эканлигини кўрсатган эди, ўшанда…