Самарқанд давлат университетида инглиз тилини ўқитишнинг долзарб муаммолари муҳокама қилинмоқда…
Самарқанд давлат университетида “Ўтмишни қадрлаш, келажакга тайёргарлик: Бугунги кунда инглиз тилини ўрганиш” мавзусида халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Анжуманда Буюк Британия, АҚШ, Россия, Ҳиндистон, Индонезия, Таиланд, Беларуссия, Қозоғистон, Тожикистон каби давлатлардан 60 га яқин олимлар иштирок этмоқда.
Халқаро конференция Самарқанд давлат университети ва Осиё инглиз тили ўқитувчилар ассосацияси ҳамкорлигида ташкил этилган.
Анжуманнни ўтказишдан асосий мақсад педагоглар учун инновацион ўқитиш усуллари ва инглиз тилидаги долзарб муаммо ҳамда халқаро тадқиқот натижаларини муҳокама қилишдан иборат. Шунингдек, ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бориш, нуфузли халқаро журналларда мақолалар эълон қилиш кўзда тутилган.
Маросимни Самарқанд давлат университети халқаро ҳамкорлик бўйича проректори, профессор Акмал Ахатов кириш сўз билан очди.
Суварсиҳ Мадя, Индонезиянинг Саржанавията Тамансисва университети профессори, Осиё инглиз тили ўқитувчилар ассосацияси президенти:
- Конференцияга яхши тайёргарлик кўрилган. Анжуманнинг юқори савияда ўтиши бунинг яққол далилидир. Марказий Осиё давлатларида инглиз тилига оид халқаро конфернциялар кам ўтказилади. Ҳамкасбларимиз билан инглиз тилини чет тили сифатида ўқитишдаги муаммолар ва уларни ўрганиш, тан олинган тадқиқотга асосланган ёндашувлар ҳақида фикр алмашяпмиз. Соҳага оид инновацион дастурлар, платформалар ва иловаларни муҳокама қиляпмиз. Самарқанд давлат университети кенг халқаро ҳамкорлик алоқаларига эга бўлиб, илмий салоҳияти юқори бўлган профессор-ўқитувчилар фаолият кўрсатади. Айнан шунинг учун ҳам конференцияни СамДУ да ўтказяпмиз.
Карин де Жонге-Каннан, АҚШ нинг Юта давлат университети профессори:
- Фулбрайт дастури иштирокчисиман. Шу сабабдан Самарқанд давлат университетига икки йилдан буён ташриф буюраман. Университет профессор-ўқитувчи ва талабаларнинг инглиз тилини ўрганишга бўлган қизиқиши жуда юқори. Мазкур конференциянинг СамДУ да ўтказилиши айни муддао бўлди. Тадбирда “Тил ўргатишнинг аспектлари ва сунъий интеллект” номли маърузам билан иштирок этмоқдаман. Тил ўрганишда сунъий интеллектнинг роли тобора ортиб бормоқда. Айни вақтда СамДУ Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги талабалари учун инглиз тили махсус ўқув дастурларини ишлаб чиқдик. Бу орқали талабалар мутахассислик фанлари бўйича инглиз тили билимларини босқичма-босқич эгаллаш имконига эга бўладилар.
Равендер Гаргеш, Самарқанд давлат университети инглиз ва роман-герман тиллари кафедраси мудири, профессор:
- Бугунги конференцияда иштирок этаётган мутахассислар дунё тан олган инглиз тили ўқитувчилари ҳисобланади. Кафедрамиз аъзолари учун бу яхши имконият бўлди. Ўқитувчиларимиз хорижлик олимлар билан ўзаро мулоқотга киришиб, ўз тажрибаларини алмашмоқда. Қатор тавсиялар олишмоқда. Ҳамкорликда Scopus ва Web of Science базаларида илмий мақолалар эълон қилиш, дарслик ва ўқув қўлланмалар нашр этиш ишларини режа қилмоқда. Хорижлик олимлар ҳам конференцияда қатнашганлигидан хурсанд. Бу томонлар учун манфаатли бўлишига ишонаман. Конференция иштирокчилари билан тўпланган маърузларни тўплам шаклида нашр этишга келишдик.
Дилдора Бошмонова, Самарқанд давлат университети филология факультети талабаси:
- Битирувчи курс талабасиман. Конференцияда иштирок этаётганимдан хурсандман. Бир қатор хорижлик олимлар билан танишдим. Магистратурада илмий иш қилиш учун тавсиялар олдим. Уларнинг долзарб мавзудаги маърузаларини тингладим. Анжуман иштирокчилари орасидан ўзимга илмий раҳбар танламоқчиман. Агар рози бўлса, АҚШ нинг Юта давлат университети профессори Карин де Жонге-Каннанга шогирд тушмоқчиман.
Беҳруз Шамсиддинов,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.