Нуфузли анжуманда АҚШ, Россия, Хитой, Германия, Туркия, Испания каби давлатлардан 50 га яқин олимлар маърузалари билан иштирок этмоқда.

    Халқаро анжуман Самарқанд давлат университети, Москва физика ва технология институти ҳамда Россия Квант маркази ҳамкорлигида ташкил этилган.

    Конференциянинг ўтказилишидан асосий мақсад назарий физика ва янги технологиялар соҳасида олиб борилаётган янги ишлар билан яқиндан танишиш ҳамда халқаро ҳамкорлик алоқаларини яхшилашдир.

    Самарқанд давлат университети халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Акмал Ахатов анжуман иштирокчиларини табриклади.

    Анвар Зоҳидов, АҚШ нинг Техас университети Нанотехнологиялар институти директори ўринбосари, Самарқанд давлат университети Квант маркази директори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби:

    - Конфернесиянинг мақсадларидан бири назарий физика ва янги технология бўйича илмий тадқиқот ишларини муҳокама қилиш ва келажакдаги режаларни тузишдан иборат.  Анжуман Самарқанд давлат университетида ўтказилишининг ҳам бир қатор сабаблари бор. Биринчидан, Самарқанд давлат университети Муҳандислик физикаси институти қошида Квант маркази мавжуд. Мазкур марказдаги тадқиқотлар бевосита ҳозирги технологиянинг ривожланишида асосий омил ҳисобланади. Иккинчидан, Самарқанд давлат университети халқаро рейтингларда нуфузли ўринга эга, профессор-ўқитувчиларининг илмий салоҳияти юқори. Учинчидан, СамДУ шу каби халқаро анжуманларни ўтказиш учун бой моддий техник базага эга ва қулай географик нуқтада жойлашган.

    Алексей Кавокин, Россиянинг Назарий физика институти директори:

    - Бугунги халқаро конференция назарий ва экспериментал физик олимларни Самарқанд давлат университетида жамлади. Ўрта асрларда Самарқанд астрономия ва тиббиёт маркази бўлган. Ҳозирги кунда у замонавий илм-фан ва технология марказига айланди. Самарқанд давлат университети эса жаҳон бўйича илғор тадқиқотлар олиб бораётган асосий олий таълим муассасидир. Буни Марказий Осиёда ягона бўлган СамДУ Квант маркази мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Бугунги анжуманда юроқи салоҳиятга эга бўлган профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқот институтларининг олимлари иштирок этмоқда. Уларнинг олиб бораётган тадқиқотлари жаҳон илм-фанидаги долзарб муаммоларнинг ечимига қаратилган.

    Халқаро конференция 4 октябргача давом этади.

 

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.