​  Мени АҚШлик талабаларнинг маърузада қандай қатнашишлари қойил қолдирди!

         Биринчидан, талабалар маърузагача мавзуни тўлиқ ўрганиб чиқишади ва унда нима ҳақида гап кетишини олдиндан билиб олишади. Улар шунчаки мавзуни ўқиб чиқишмайди, балки, уни тўлиқ ёдлаб чиқишга ва тушунишга ҳаракат қилишади. Хуллас, маърузага ҳамма қуролланиб боради)

         Иккинчидан, маъруза учун техник тайёргарлик кишини лол қолдиради. Ҳамма лекцияга ўз устида ишлаш учун келади, бекорга вақт ўтказиш учун эмас! Шунинг учун ҳамма «тиш тирноғигача қуролланиб»: китоб, қўлланмалар, илмий журналлардан мақолалар, ноутбук ва планшетлар, дафтар, рангли ручкалар ва маркерлар билан келади. Албатта, ўзлари билан ичимлик ва егулик ҳам олиб келишади, ахир бу – Америка.

         Табиийки, бунча юкни лекцияга кўтариб бориш қийин, шунинг учун ҳам кўпчилик ҚИЗЛАР маърузага ғилдиракли чемодан билан боришади. Уларни биринчи марта кўрганимда чет эллик талабалар аэропортдан тоғридан-тўғри дарсга келишибдими дебман) Кейин билсам бундай эмас экан.

         Энди профессорлар ҳақида. Қаранг, китобда ёзилганларни шунчаки ўқиб бериш учун лекцияга келишдан фойда йўқ (ҳа, бизда буни акси). Агар профессор китобда ёзилган маълумотлар бўйича лекция ўтса, лекциясининг давомати нолга тушиб кетади ва профессор бошқа иш қидиришига тўғри келади.

         Маърузада профессор китобдаги маълумотларни шундайлигича ўқиб бермайди, аксинча, уларни «содда тил» билан тушунтиришга, шу соҳадаги сўнгги маълумотлар билан бойитишга ҳаракат қилади ва клиникада бу маълумотларнинг қандай аҳамиятга эга эканлигини тушунтиради.

         Масалан, алкоголь метаболизми. Ҳамма бу мавзуга оид ферментлар, коферментларни билади ва шунинг учун ҳам мавзуга кириш саволлардан бошланади: нима учун алкоголь гипогликемияга, триглицеридлар синтезининг ортишига ва ёғли гепатоз шаклланишига олиб келади? Нима учун спорт билан шуғуллангандан кейин алкоголь истеъмол қилиш мумкинмас ва бу хатто ўлимга олиб келиши мумкин?

         АҚШда ўқиш пулли бўлгани учун ҳам, профессорга ойлик лекцияси давомати билан белгиланади. Профессорнинг репутациясига қараб у соатига $15 дан $800 гача пул олади. Лекциянинг давомийлиги эса 11 соатгача бўлиши мумкин!

 

Достон Касимов.