Бугунги ёшлар

Дунёни илм-фан қутқазади...
Ёшлик интилиш, изланиш, келажак орзулари, меҳр, муҳаббат...Ватанни севиш, янгиликка, яхшиликка ёндошиш. Жамиятда ўз ўрнини топишга ҳаракат. Нафақат ўз мамлакатини балки, бутун дунёни ўзгартиришга, уйғотишга талпиниш. Ёшлик учун фақат рағбат, қўллаб-қувватлаш, эътибор ва ғамхўрлик зарур, керак. Ўзбекистон ёшлар мамлакати. Ўзбекистон Президенти ёшларнинг бош ҳомийси. Бугун Ўзбекистонда ёшлар қадрланмоқда. Уларнинг ғоялари, келажак мақсад ва режаларига қанот бағишланмоқда.
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетининг 10 нафар талабаси Президент ва давлат стипендиялари соҳиби бўлишди.
- Дунёни гўзаллик қутқазган бўлиши мумкин, лекин менинг назаримда дунёни фақат илм-фан, фақат маърифат, фақат маънавият қутқазади. 2017 йил Самарқанд вилоятида ўтказилган “Ёш китобхон” танловида 1-ўринни қўлга киритганман, - дейди Самарқанд давлат университети филология факультети 3-курс талабаси, Алишер Навоий номидаги давлат стипендияси соҳиби Моҳигул Абруева. – Шундан бошлаб китоб ўқиш ҳаётимнинг бош мақсадига айланди. Ҳозирги кунда “Алишер Навоий ва жадид адабиёти” мавзусида илмий иш олиб боряпман. Тадқиқотимда жадидчилик ҳаракатининг пайдо бўлиш сабаблари ва ҳаракатнинг шу давр адабиётига чуқур таъсири, жадидчиликнинг бош ғояси, яъни халқни маърифатли қилиш истаги акс этган. Ўша давр адабиётида илмсизлик миллат учун фожиа эканлиги алам ва изтироб билан тасвирланган. Жадидчилик ҳаракати вакиллари илгари сурган қарашлар бугунги кун учун ҳам ниҳоятда долзарб ва аҳамиятлидир. Илмий раҳбарим Самарқанд давлат университети ўзбек тили ва адабиёти кафедраси доценти, филология фанлари номзоди Бадиа Муҳиддинова. Илмий изланишларим юзасидан ўндан ортиқ халқаро ва Республика журналларида мақолаларим чоп этилган. Хусусан, Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон, Германия каби давлатлардаги конференцияларда иштирок этдим. 2021 йилда “Филология масалалари ёш тадқиқотчилар нигоҳида” Республика илмий-амалий анжуманида қатнашиб, “Энг яхши илмий асосланган мақола” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритганман. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг “Заковат” клуби аъзосиман. Рус ва инглиз тилларида эркин мулоқот қила оламан.
- 2022 йил 15 февраль... Самарқанд давлат университети филология факультети профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун қувончли ва эсда қоларли кун бўлди. Уч нафар талабамиз Навоий номли давлат стипендияси соҳиби бўлди, - доцент Бадиа Муҳиддинова. – Шулардан бири менинг шогирдим Моҳигул Абруева. Мен Моҳигулни уч йилдан буён биламан. Нафақат ақл-заковати, балки одоби, хулқи билан ҳам алоҳида ажралиб туради. Ҳамма вақт берилган топшириқларни масъулият билан бажаради, ҳаракат қилади, изланади. Мен Моҳигул билан фахрланаман. Келажакда олим бўлишига ишонаман. Бугун Янги Ўзбекистонимизда маърифатли, ватанпарвар, фидойи, зукко ёшлар камолга етмоқда…
Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат Акрамов олган суратлар.