Инсон организмидаги касалликлар

         озиқ-овқат истеъмолига  боғлиқ(ми?)

         Самарқанд давлат университети  ва Япониянинг Когакуин университети докторанти Беҳзод Худойқулов  “Биологик фаол моддаларда молекуляр кластерларнинг пайдо бўлиш механизми ва уларнинг тебраниш спектрларида намоён бўлиши” мавзусида  илмий иш олиб бормоқда.

         Беҳзод Худайқуловга Япониянинг Когакуин университети  профессори Ҳиромитсу Такаба ҳамда Самарқанд давлат университети оптика кафедраси мудири, профессор Абдувоҳид Жумабоев  илмий раҳбарлик қилмоқда.

         - Тадқиқотим инсон организмида вужудга келадиган турли касалликларнинг илдизи билан боғлиқ, - дейди Беҳзод Худойқулов. - Ҳозирги вақтда турли янгилик ва ўзгаришлар билан бир қаторда айрим муаммолар ҳам келиб чиқмоқда. Бу – инсонларда турли хил янги кўринишдаги касалликлар бўлиб, уларнинг аксарияти озиқ-овқат истеъмоли туфайли вужудга келади. Инсон ҳаёти учун муҳим бўлган озуқа бу оқсиллар бўлиб, улар энергиянинг асосий қисмини ташкил этади. Оқсил таркибидаги биологик объектлар эса унинг шаклланишида муҳим ўрин тутади. Биз ана шу оқсиллар таркибидаги биологик объектлар ва инсон танасидаги сув ҳамда бошқа фаол моддалар билан таъсирлашув жараёнини тадқиқ этмоқдамиз. Ушбу изланишларимиз натижасида юзага келадиган турли хил касаллик ва муаммоларни бартараф этишни мақсад қилганмиз. Шунингдек, тадқиқот давомида водород ва стикинг боғланиш орқали турли кластерлар ҳосил бўлиш назариясини яратиш асосий вазифамиздир.

         Беҳзод Худойқулов мазкур тадқиқотлари доирасида 30 дан ортиқ халқаро ва Scopus базасидаги илмий журналларда мақолалар чоп эттирган. Шунингдек, 2 ўқув-услубий қўлланма муаллифи. У инглиз тилидан халқаро IELTS ва япон тилидан NAT сертификатларига эга. Мазкур тадқиқот  илмий жамоатчилик томонидан диққат билан кузатиб келинмоқда. Зеро, ушбу тадқиқотлар натижасида кўплаб касалликларнинг олди олиниши, инсонларнинг соғлом турмуш кечириши учун зарур илмий манбалар яратилиши кутилмоқда.

 Отабек Саъдуллаев,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.