Илм, инсон, имкон...

Самарқанд давлат университети мумтоз адабиёт тарихи кафедраси мудири, доцент, филология фанлари доктори Исроил Сулаймонов “Бобурнома” асари устида олиб борган тадқиқотлари натижасида ўз диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, фан докторлиги илмий даражасини қўлга киритди. Илмий раҳбари Самарқанд давлат университети профессори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Муслиҳиддин Муҳиддинов.
Исроил Сулаймонов 2 монография, 4 ўқув ва ўқув-услубий қўлланма муаллифи. Хориж ва республика нашрларида 100 га яқин илмий мақолалари чоп этилган.
Жаҳон ва ўзбек адабиётининг нодир намунаси бўлган “Бобурнома” илм-фаннинг кўплаб соҳалари ҳақида маълумот берувчи қомусий манба сифатида ҳам аҳамиятли ҳисобланади. “Бобурнома”нинг бир қанча хорижий тилларга таржима қилиниши, чет эл олимларининг у бўйича олиб борган тадқиқотлари ҳам асарнинг қанчалик ноёб манба эканидан далолат беради.
Исроил Сулаймонов ўз тадқиқотларида «Бобурнома» асаридаги шахснинг зоҳири ва ботинида содир бўладиган ғолиблик ва мағлублик руҳий ҳолатларининг бадиий тасвирини батафсил очиб берган. Бобурнинг даврга, тарихий шахсларга объектив баҳо бера олган эксперт сифатидаги фаолияти, мавзу моҳиятининг бир шахс тақдирида содир бўлиш ҳолати ёритилган.
Хусусан, давр ҳукмдорлари руҳиятидаги ғолиблик ва мағлублик ҳолатининг «Бобурнома»даги тасвирининг аниқ ва асосли мисоллар орқали таҳлили диссертациянинг энг кулминацион нуқтасидир.
- Бобур шахси ҳаётнинг паст-у баландини тотиб кўрган инсонлар учун жуда ҳам яқин, - дейди Исроил Сулаймонов. - У ҳаёти давомида дуч келган кўплаб қийинчилик ва синовларга мустаҳкам ирода билан бардош берди. Бобурни мен талабаларимизга кўпинча ўрнак сифатида кўрсатаман. Ундаги азм-у шижоат, ақл, тафаккур, ижодкорлик кайфияти мени доим қизиқтириб келган. Бобурнинг шоҳлиги шоирлигидан, шоирлиги шоҳлигидан устун. Бизнинг асосий мақсадимиз ушбу бобокалонимизнинг ўлмас меросини ёшларимизга сидқидилдан ўргатиш, Бобур каби ватанини севувчи, унга муҳаббат қўйган ёш авлодни тарбиялашдир.
Шунингдек, «Бобурнома»да шахс ботини ва зоҳиридаги икки нуқта: ғолиблик ва мағлублик руҳияти теран таҳлиллар орқали очиб берилган. Сертаҳлика бир даврда шахснинг руҳий ҳолати, турли оғир дамларда ўзини тута билиши ёки аксинча, ҳаракатини бошқара олмаслиги ҳоллари тарихий фактлар орқали таҳлил этилган. «Бобурнома»да кўп сонли тарихий шахслар тасвирининг берилиши, уларнинг руҳий ҳолати, ўзгарувчан ва беқарор сиёсий муҳитда тез тағйир топиб, бир руҳий мағлублик ҳолатидан иккинчи - ғолиблик ҳолатига қайтиши ва бир зумда яна мағлубликнинг аччиқ аламини тортишга мажбур бўлиши каби масалалар ёритилган.
Отабек Саъдуллаев,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.