Таҳлилий ўқиш интерфаол таълимнинг асоси(ми?)
Самарқанд давлат универистети филология факультети магистранти Маҳлиё Жакбарова “Таҳлилий ўқиш интерфаол таълимнинг асоси сифатида” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради. Тадқиқотчининг мазкур мавзу юзасидан 10 га яқин мақолалари Полша, Россия, Қозоғистон ҳамда республикамиздаги нуфузли илмий журналларда чоп этилган. Илмий раҳбари ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш методикаси кафедраси мудири, профессор Ибодулла Мирзаев.
Маҳлиё Жакбарова бир қатор методик тавсиялар, 3 та услубий қўлланма муаллифи. STEAM ёндашув ва халқаро баҳолаш дастури бўйича ташкил этилган ўқув-семинар ва маҳорат дарсларида иштирок этган 2019-йилда “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” танлови ғолиби бўлган. Эришган ютуқлари ва муносиб педагоглик хизмати инобатга олиниб, 2020-йилда “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган. “Саида Зуннунова шеърияти таҳлили” мавзусидаги дарс ишланмаси Халқ таълими вазирлиги тавсияси билан республика бўйлаб оммалаштирилган. Шунингдек, “Йил аёли” кўрик танловининг 3-ўрин соҳибаси.
– Филологик таълимда бошқа фанлардан фарқли равишда таҳлилий ўқиш – матнни изоҳли ва этимологик луғатлар орқали ифодали ўқиш, тил ва адабий таҳлил асосида ўрганиш муҳим босқич ҳисобланади,- дейди Маҳлиё Жакбарова. - “Таҳлилий ўқиш” фанининг моҳияти шундаки, олий таълим муассасаларининг филология факултетларида талабалар бир машғулот давомида ҳам тил ҳам адабиётни ўрганиш имкониятига эга бўлишади. “Таҳлилий ўқиш” фанини умумий ўрта таълим тизимига ҳам жорий қилиш она тили ва адабиёт таълимининг ривожланишига катта ҳисса қўшади. Бўлажак филолог кадрлар ҳам тил ҳам адабиёт ҳақида мукаммал ва яхлит билимга эга бўлиши зарур, чунки олий таълим муассасасини тугатиб мактаб ёки умуман, таълим муассасасига қадам қўйган мутахассис она тили ва адабиёт фанларидан баравар дарс беради.
Содда тарзда айтганда, таҳлилий ўқиш интерфаол тил ва адабиётни қўшиб ўқитиш, ўқувчида ҳам, ўқитувчида ҳам чуқур филологик билимни шакллантириш, матнни луғатлар асосида батафсил ўрганиш кабилар билан изоҳланади. Мазкур усул орқали ўрганувчига тилнинг ифода имкониятлари ёрқин намоён бўлади. Тилга доир аввал олган билим ва кўникмаларини қўллаб кўриш имконияти вужудга келади. Бадиий матнлар таҳлилга тортилганда тил ва адабиётнинг муштараклиги юзага чиқади. Мунтазам равишда матнлар таҳлили билан шуғулланган талаба ёки ўқувчининг сўз бойлиги ошиб, оғзаки ва ёзма нутқи равонлашади. “Таҳлилий ўқиш” машғулотлари кўпроқ амалий дарс шаклида бўлиши бўлғуси ўқитувчи ёки тадқиқотчида зарур нутқий компетенсияни ривожлантира олади.
Ирода Бекмуродова,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган сурат.