Самарқанд давлат университети мактабгача ва бошланғич таълим факультети талабаси Барно Мустафоева “Мактабгача ёшдаги болаларда ҳаракатли ўйинларни ўтказиш усуллари” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради.

    – Мактабгача таълим ташкилотларида спорт билан танишиш ва спорт ўйинларини ўрганиш, асосан, катта мактабгача ёшдаги болалардан яъни, 6-7 ёшли болалар билан амалга оширилади, - дейди Барно Мустафоева. - МТТда ташкил этилган спорт ўйинлари боланинг жисмоний саломатлигини мустаҳкамлайди, жисмоний тарбия ва спортга бўлган қизиқишни ривожлантиради. Боланинг спорт ўйинлари элементларини моҳирона эгаллаши келажакда танламоқчи бўлган спорт тури учун асос бўла олади. 

    Мактабгача таълим ташкилотларида ҳаракатли ўйинлар ўтказишда болаларнинг ёш даражасини, жисмоний ва физиологик ривожланиши ва болаларнинг қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда танланиши керак. Кичик гуруҳларда ҳаракатли ўйинлар ҳар куни ўтказилади. Машғулот давомийлиги 10-15 минут атрофида давом этиши керак. Ҳаракатли ўйинлар куннинг турли пайтларида ўтказилади. Эрталабки нонуштага қадар тарбиячи барча болаларда яхши кайфият яратиш учун индивидуал ёки кичик гуруҳ билан ўтказиладиган сокин ҳаракатлардаги ўйинларни ўтказгани маъқул. Сайрлар, жисмоний тарбия, мусиқа машғулотларидан кейин сайр пайтида тарбиячи хилма-хил ҳаракат фаолиятини уйғотувчи мазмунли, ҳаракатли ўйинларни уларнинг бутун қонун-қоидалари билан ҳамда ўйин машқларни фаол ҳаракатлар билан бирга қўшиб ўтказиш керак. Катта ва тайёрлов гуруҳларида машғулот давомийлиги 20 минутгача давом этиши мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Ирода Бекмуродова

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.