Япон мушмуласи ҳақида нималарни биласиз? Самарқандда қаерда учрайди? Унинг қандай хусусиятлари бор?

– СамДУ иссиқхонасида ўстириладиган япон мушмуласи мевасининг биологик хусусиятлари ва кўпайтириш йўллари масалаларини ўрганишга ҳаракат қилдим, - дейди Моҳигул Шукурова. – Мамлакатимиз ҳудудига янги ўсимлик навлари, янги технологияларнинг кириб келиши туфайли интродукция соҳасидаги мутахассислардан ушбу ўсимликларнинг хусусиятлари ва самарали кўпайтириш йўлларини ўрганиш талаб қилинади. Бугунги Ўзбекистон ботаник олимлари олдига юртимизда ўсадиган ўсимликлар турини бойитиш, уларни озиқ-овқат, дори-дармон ҳамда саноатнинг бошқа тармоқларида фойдаланишга жалб этиш каби юксак вазифа қўйилган. Шу жиҳатдан, чет давлатдан келтирилган янги ва сифатли мевали ўсимликларни сонини кўпайтириш бугунги давр талаби ҳисобланади. Япон мушмуласи ана шундай ўсимликлардандир. Бу ўсимлик ҳозирги кунда Самарқанд давлат университети иссиқхонасида ўстирилиб, кўпайтирилиб келинмоқда.
Япон мушмуласи доривор ўсимлик ҳисобланади. Унинг таркибида қанд, олма ва лимон кислотаси ҳамда пектин моддалар мавжуд. Мушмула мевасидан шарбат, компот, мураббо, сироп ва винолар тайёрлаш мумкин. Таркибида эфир мойлари, гликозид ва бошқа моддалар кўп учрайди. Япон мушмуласи гуллаган пайтда терилган баргларидан тайёрланган дамлама томоқ яллиғланишида ишлатилади. Ўсимликнинг барги, пўстлоғи, хом мевасида ошловчи модда бор бўлиб, тери ошлашда фойдланилади. Баргларида жуда кўп қимматли моддалар - антиоксидантлар, танинлар ва чангни ютувчи моддалар мавжуд. Анъанавий хитой табобатида мушмула екстрактлари йўталга қарши сироп ва турли дори-дармонлар тайёрлашда ишлатилади. Япон мушмуласининг ёғочидан чизмачиликда ишлатиладиган асбоблар ва мўйқалам тайёрланади.
Маълумот учун, Самарқанд давлат университети биология факультети магистри Моҳигул Шукурова “Япон мушмуласининг кўпайтириш истиқболлари” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради. Мазкур мавзуга оид 10 га яқин мақолалари республика ва халқаро нашрларда чоп этилган. Илмий раҳбари ботаника кафедраси досенти Илҳом Муқимов.
Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.