Марказий Осиё ўз географик жойлашувига кўра Евросиё материгининг азалий цивилизацион жараёнлар кесишадиган энг қулай ҳудуди ҳисобланади. Айнан шу ҳудуддан Буюк Ипак йўлининг ўтиши ҳам тасодифий ҳол эмас эди. Буюк Ипак йўли турли цивилизациялараро маданий уйғунликни вужудга келтиради. Қадимдан то ХII асрга қадар Марказий Осиёда учта етакчи этнос муҳим ўрин тутган. Булар хитойлар, турклар ва суғдлардир. Ушбу уч этнос ўртасида кечган сиёсий, ижтимоий ва маданий муносабатлар орасида турк ва суғд этнослараро муносабатлар кейинги асрлардаги этник шаклланишларга ҳам кучли таъсир кўрсатган. Тадқиқотчилар тарихда милоддан аввалги IV-III асрлардаёқ суғдларнинг хитойлар ва прототурк қабилалари билан муносабатларга кириша бошлаганликларини таъкидлайдилар. Деярли бир ярим минг йиллик тарихий давр ичида суғдлар ва турклар бир минтақада яшаб ўзаро ҳамкорлик қилганлар. Қиёсий типологик таҳлил суғд ва туркларнинг жамиятлари деярли тенгдош эканлигини кўрсатмоқда. Бу ҳолат этник муносабатлар учун муҳим ҳисобланган. Ҳақли равишда VI – VIII Марказий Осиё “турк-суғд” даври номини олди. Минтақада ягона тарихий маданий макон вужудга келишига асос солди. Айнан шу давр турк-суғд симбиози даври сифатида баҳоланади. Бу жараён Марказий Осиёнинг деярли барча тарихи географик ўлкаларида кечган. Жумладан, бизнинг минтақа учун академик К.Шониёзов таъкидлаганидек; милоддан аввалги II-I асрларда воҳалардан деҳқон, ҳунарманд ва савдогар аҳоли билан шу ҳудудга кириб келган чорвадор этник қатлам маданияти аралашиб, ўзига хос синкретик – маданият ҳосил қилган.

    Бепоён Марказий Осиё минтақаси халқлари тарихида илк ўрта асрлар нафақат этник юксалиш, балки давлатчилик анъаналарини ривожлантириш, тиклаш ва қудратга етказиш даври ҳам ҳисобланади. Турк хоқонлигининг қарор топиши эса барча соҳаларда ривожланиш ва тараққиёт учун омил бўлди. Хоқонлик қарор топгунга қадар ҳам суғдларнинг улар ҳаётига кириб келиши кузатилгани маълум маънода хоқонликнинг маъмурий-бошқарувига замин яратган. Ўтроқ суғдларнинг ҳар томонлама маслаҳатлари ва кўмаклари туркларнинг давлатчилигини шаклланишига таъсир ўтказган дея оламиз. Суғд савдо колониялари – шаҳар-давлатлар тизими кўплаб кўчманчиларнинг ўтроқлашувига, ярим ўтроқ ва кўчманчиларнинг эса шаҳарсозлиги ривожига асос бўлиб хизмат қилди. Суғдларнинг турклашуви ҳам бежиз эмас эди. Ўзаро интеграция ассимиляциялашув учун имкон яратди. Кўп сонли турклар орасида суғд диаспоралари бу жараёндан манфаатдор ҳам эдилар. Суғдлар орасида Эркин, Тудун, Тегин, Баҳодир, Тархон, Ўзмиш, каби туркий исм ва унвонлар расм бўла бошлади. Айнан Турк хоқонлигидаги турк-сўғд муносабатларига эътиборни қаратсак, фикримиз анча ўз тасдиғини топади.

    Суғдлар Марказий Осиёга Ипак йўли бўйлаб ўрнашдилар, кўчманчилар орасига кириб бордилар. Шулардан бири суғдларнинг туркларга сивилизацион таъсири маълумдир”, деб, таъриф берганди. Хитой манбалари айнан турк-суғд муносабатлари ҳақида ҳам қизиқарли маълумотлар қолдирганлар. Келиб чиқиши Ан (Бухоро)дан бўлган Гунсулик суғд Аннопанто (Нахбанд) Биринчи Турк хоқони Бумин ўрдасининг энг ишончли шахсларидан бўлган. У 545 йилда Хитойга элчи бўлиб борган. Суғдлар хоқонликнинг қарор топиши, идоравий бошқарувининг шаклланиши ва иқтисодий юксалишида ўз ҳиссаларини қўшганлар. Бу жараён илдизлари узоқ йиллик цимбиоз – ҳамюртлик, ўзаро яқинлик, умумий манфаатдорлик сиёсий иттифоқчилик маҳсули эди. Хоқонлик ҳудудидаги суғд манзилгоҳлари оқсоқоллари хоқон томонидан элтабар – йирик вассал қабила раҳнамоси унвонига эга бўлганлар. Аста-секин суғд муҳожирлари турклашиб бориб, турк аслзодалари қон-қардош тутина бошлаганлар. Ҳатто баъзи суғдлар тегин-хоқон укаси ёки фарзандига бериладиган шаҳзода унвонига ҳам эришганлар. Суғд Торуғ-шоднинг ўғли отаси каби шод унвонига эга бўлмаса-да, унга Элби-незук-элтабар унвони берилган. Бундан ташқари 742 йилда Шарқий Турк хоқони Ўзмиш тахтга келгач, ўзаро низолардан безор бўлган суғдлар Тан ҳукмдоларига тегишли осойишта ҳудудлардан паноҳ излайдилар. Шундай кўчкин бўлган гуруҳ раҳбари турклашган суғд Кан Аи Култархон бўлган. Яна бир маълумотда 588-600 йилларда Турк хоқонлигини бошқарган Тўнг Турон саройида Ан Суи Сзе исмли суғд маслаҳатчи вазифасида бўлиб, айнан у хитойларни туркларнинг ички ишларига аралашувига қаршилик қилган. 609-619 йилларда ҳукмронлик қилган Шиби хоқон саройида Шиши Хуси исмли суғд эътиборли сарой аъёнларидан бўлган. VIII аср бошларида эса Ан Ян-ян исмли суғд хатто турк қўшинлари қўмондони даражасига эришган. У қадимий турк уруғларидан бири турк аслзодаси қизига уйланган.

    VII аср иккинчи ярмидан Самарқанд атрофидаги Суғд мулкларида марказлашиш жараёни содир бўлди. Ғарбий Турк хоқони Тўнг ябғу(618-630) Суғд маъмурий бошқарувини такомиллаштиргач, бу жараён бошида маҳаллий ҳукмдор – ихшид Авархуман(650/655-675) турди. Суғддаги мулклар ўз навбатида марказга конфедератив тартибда бўйсунган. Ўрта Осиёдаги азалий ўтроқ ҳаёт тарзи ҳукм сурган ўлкалари (Суғд, Хоразм, Тохаристон, Фарғона ва Чоч) да ер-сув эгалиги мулкчилигига асосланган сиёсий–ҳудудий ва маъмурий тизим шаклланган. Марказий ҳокимият ва маҳаллий ҳокимликлар ўртасидаги муносабатлар йирик заминдорлар, бой савдогарлар ва шаҳарлик аслзодалар томонидан тузилган Оқсоқоллар Кенгаши орқали амалга оширилган. Ихшид–подшолар Оқсоқоллар Кенгаши олдида ҳисобот берувчи чекланган ҳокимиятга эга бўлган. Ҳар бир мулкнинг ҳарбий саркардалари қўл остида жанговар ҳаракатга лаёқатли чокарлари бўлган. Бу махсус гвардия нафақат тан қўриқчи, балки деҳқон ва савдогарларнинг мулклари ва савдо карвонларининг ҳимоячилари ҳам бўлишган. Хитой манбаларида келтирилишича, 759 йилнинг 12 ойида Хитой императори саройида чокарлар учун зиёфат уюштирилиб, ҳар бир чокарга 30 бўлакдан ипак мато– хизмат ҳақи берилган. Чокарларнинг аксарияти эса туркийлардан бўлган.  Бу суғдий савдогарлар ва туркий ҳарбийлар манфаати ифодаси эди.

    VI аср иккинчи ярмидан минтақада Турк хоқонлиги ҳукмронлиги ўрнатилгач, маҳаллий мулклар қаторида Суғд билан қалин муносабатлар ўрнатилди.  Бу эфталийларнинг солиқ ва тўловлар йиғиш сиёсатидан фарқ қилган ҳамда маҳаллий ҳукмдорларга иқтисодий ва сиёсий эркинлик берилган. Ғарбий Турк хоқонлиги (603-742) эса маҳаллий маъмурий-бошқарувда бевосита иштирок этиб, Суғднинг сиёсий, ижтимоий–иқтисодий, маданий ҳаётига ўз таъсирини ўтказишга эришди. Бунда, Турк ҳукмдорлари ва Суғд ихшидлари ҳамда жамият аъзолари ўртасидаги қариндошлик муносабатлари катта аҳамият касб этди. Суғд тараққиётида Ғарбий Турк хоқони Тўнг ябғу(618-630)нинг маъмурий бошқарувдаги ислоҳотлари  аҳамиятли бўлди. Натижада, тайинланган вакиллар маҳаллий бошқарувни такомиллаштириб, васалликларнинг ички сиёсий назоратини таъминладилар. Бу чора Суғд маҳаллий бошқарув тизимининг хоқонлик марказий бошқарув тизими олдидаги масъулиятини оширди ҳамда Суғднинг Ғарбий Турк хоқонлик билан алоқаларини мустаҳкамлади.

    Хоқонлик бошқарув тизими ва Суғддаги ер мулкчилигига асосланган бошқарув тизими бир-биридан фарқланарди. Суғдда подшо– ихшидлар Оқсоқоллар Кенгаши томонидан тайинланса, хоқонликда уруғ-қабилавий ва қариндошлик тамойилларига амал қилинар эди. Давлат бошқарувида хоқонга қариндошлари, ҳукмрон сулола аъзоларидан иборат маъмурият ёрдам берган.

    Хитой манбаларида қадимги туркий давлатчилик маъмурий- бошқарув тизимидаги иерархик характерга  эга  бўлган  28  та  мансаб  қайд  этилган.  Уларнинг  дастлабки  5  таси: эху(ябғу), ше(шад),  деле(тегин)  ва  тутунфа(тудун)лар  олий  мансаб  ҳисобланган.                 Қолган 23 та мансаб кичик амалдорларга тегишли бўлган. Барча мансаблар меросий  ҳисобланган.  Суғд учун туркий маъмурий бошқарувнинг айрим жиҳатлари юечжилар, хионийлар, кидарийлар ва эфталийлар давридан маʼлум бўлиб, Суғддаги бошқарув кўп жиҳатлари билан уларга мослашган ҳам эди. 603 йилда Биринчи Турк хоқонлиги икки қисмга бўлиниб, Суғд Ғарбий Турк хоқонлиги таркибига кирди. Дастлабки йилларда Суғдни ихшид Тайшеби (600-йилгача) ва Каймочжо(Кюе-му-чжи) (600-620) 526, Ғарбий Турк хоқонлигини эса Чўли(Шели) (600-611) ва Истеми ябғунинг набираси Шегуй(Шихей) хоқонлар (611-618) бошқарди. Ғарбий хоқонлик Тўнг ябғу(618-630) қўлига ўтгач, ихшид Каймочжо (Кюе-му-чжи) Тўнг ябғунинг қизига уйланиб, ўртада қариндошлик алоқалари ўрнатилди.

    Юқоридаги суғд, турк ва хитой манбалари асосида хулоса қиладиган бўлсак, бутун Марказий Осиёда рўй берган этномаданий жараёнларнинг илк ўрта асрлар босқичи, турк-суғд симбиози ва суғдларнинг турклашуви ассимиляцияси даври сифатида баҳоланиши мумкин. Асрлар давомида дўстона, самимий ва қон-қардош бўлиб яшаган турклар ва суғдлар кейинги давр этнослари; ўзбек, уйғур, тожик ва бошқа элатларнинг шаклланишида бевосита иштирок этганлар.

 

Ойбек Исматов,

Самарқанд давлат университети магистри.