Рўйи замин сайқали Самарқандда жуда кўп тарихий масканлар бўлиб улар орасида Хожа Дониёр мақбараси ўз хусусияти билан ажралиб туради. Бу тарихий маскан уч дин вакиллари учун ҳам муқаддас зиёратгоҳ саналади. Бундай табаррук бўлган масканлар дунёда кам учрайди.

    Самарқанддаги бу меъморий ёдгорлик, Афросиёб қўрғонининг кунчиқар томонида, Сиёб ариғи ёқасида қурилган. Бу масканда дунёнинг турли ҳудудларидан мусулмон, христиан, яҳудий саҳоятчилар доимий келиб кетадилар. Муқаддас Хожа Дониёр мақбараси бир вақтнинг ўзида учта жаҳон динларида: яҳудийликда, исломда ва насронийликда ҳурматга сазовор бўлган авлиёнинг дафн этилган жойидир. Мусулмонлар уни Хўжа Дониёр пайғамбар (Қуръонда зикр этилмаган, лекин 124 минг пайғамбарлардан бири, яҳудийлар Даниел пайғамбар, христианликда Даниил пайғамбар) деб аташади. Рус манбаларида “Святой Даниил” деб ҳам аталади.

    Хожа Дониёр шахсияти ҳақида турли фикрлар ва қарашлар мавжуд. Масалан, уларнинг бирига кўра бу зот миллоддан аввалги 603 йилда Қуддусда дунёга келган. Довуд ва Сулаймон пайғамбар авлодидан бўлиб, 2600 йил олдинроқ яшаб ўтган. Исо алайҳиссаломдан 600 йил, Муҳаммад S.A.V. дан 1200 йил олдин яшаб, яккахудоликни тарғиб қилган. Инжилда талқин этилишича, Даниил яҳудий тилидан таржимаси „Оллоҳ ҳакам“ маъносини билдиради.

    Ривоятларга кўра, Авлиё зот Дониёр Бобил аскарларига асирликка тушиб қолади. Уни Қуддусдан Бобилга олиб кетадилар. Подшо Навихудонасорнинг саройига туш таъбирчи бўлиб хизматда бўлади. Кейинчалик тахтни форслар подшоси Доро И эгаллайди ва Хўжа Дониёрни Бош вазир қилишни ўйлаб қолади. Лекин подшоҳнинг бу ниятини бошқа вазирлар эшитиб, Дониёрни йўқ қилиш пайида режа тузадилар. Хожа Дониёрга туҳмат қилиб кишанлаб, занжирбанд қилиб подшоҳнинг ҳузурига олиб киришади. Дониёр пайғамбарни шерлар қафасига ташлайди. Подшоҳ кечаси билан ухлолмай, эрта тонгда у бошқа вазирларни ушлаб, менинг энг яхши кўрган вазирим ўлди, энди сенларга ҳам омонлик йўқ, деб, шерларга ем қилиш учун ўша чуқурга олиб келади. Шерлар ётган чуқурни очиб қарашса, Дониёр пайғамбар ҳайвонлар билан суҳбатлашиб ўтирибди. У омон чиқиб, яна узоқ йиллар одамларни якка худога сиғинишга даъват қилиб, турли қарашлардан қайтариб яшаб ўтганлар. Кексайгач, Сузага кўчиб, иззат-ҳурмат билан Суза шаҳрига дафн этилган.

    Ислом динига кўра Хожа Дониёр пайғамбар Муҳаммад пайғамбарнинг амакиваччаси сифатида танилган Қусам ибн Аббоснинг сафдошлари бўлган. Бу ҳақда Самарқандлик тарихчи Абу Тоҳирхўжа „Самария“ китобида шундай ёзади:

    “Хожа Дониёрнинг қабри Самарқанд шаҳрининг четида, Афросиёб қўрғонининг шимолий девори пастида жойлашган. Мақбаранинг яқинидан Сиёб дарёси оқади. Авом бу қабрни Дониёр пайғамбарнинг қабри деб билади, лекин унинг қабри Мосул вилоятидадир. Айтишларича, бу қабр Қусам ибн Аббос сафдошларидан бирининг қабридир. Оллоҳ раҳмат қилсин! Қабр Зарафшоннинг тошлари билан қопланган. Айтишларича, Хожа Дониёр жуда тақводор, художўй бўлган. Қабрнинг бош томонида, Сиёб ариғи яқинидан Хожа Дониёр булоқ-чашмаси ҳам бор. Халқ уни табаррук билиб ичадилар ва чўмиладилар. Уни кўп касаллар шифосига сабаб деб биладилар. У кишига тангрининг раҳмати бўлсин!.”

    Бу ҳақида Абул Ҳаким Самарқандийнинг «Қандия» китобида қуйидагиларни ёзади: - “Самарқандда бир чашма борким, жаннат чашмаларидандур ва Оби Раҳмат ариғи яқинидадур. Тарихчиларнинг айтишларига қараганда, ушбу сув Дониёр Пайғамбар қабрлари бош тарафидан оқади ва мазкур чашма шифо саломатлик сабабчисидир ва бу сувнинг бир қисми Боғи Майдон томон оқар ва Оби Раҳматга қўшилур. Юқорида Дониёр Пайғамбарнинг қабри бўлиб, ул зот барака келтирувчи Пайғамбар ҳисобланганлар”.

    Олимлар орасида ҳалигача, қачон ва қай тарзда Самарқандда Дониёр пайғамбарнинг мақбараси пайдо бўлганлиги тўғрисида ягона фикр мавжуд эмас. Афсонага кўра, буюк саркарда Амир Темур ўзининг Кичик Осиёга (1397-1404) етти йиллик юриши вақтида, буюк саркарда бўлишига қарамай, Сузани забт эта олмаган. Соҳибқирон художўйлардан, шаҳарни авлиё Даниилнинг табаррук хоки асраб келади деб эшитади. Шунда Амир Темур қамал қилинганлар билан аҳдлашиб, уларнинг мол-мулкига тегмасликка ва асирларни қулликка олиб кетмасликка ваъда бериб, бунинг эвазига авлиёнинг бир қисм хокини, яъни ўнг қўлини Самарқандга олиб кетишни, токи салтанатини ҳар хил офатлардан сақласин деб таклиф этади. Уйга қайтаётганда Самарқанд шаҳар яқинида туя карвони бирдан тўхтаб қолди. Бу юқоридан ишора эди ва у ерда мақбара қуришга қарор қилдилар. Мақбара қурилганидан сўнг, йиллар ўтиб, ривоятларга кўра, қабр ўсиб, узунлиги тахминан 18 метрга чўзилган. Авлиё Самарқандга кўмилганидан сўнг қабрнинг бош тарафидан булоқ отилиб чиқади ва шаҳар аҳолиси, унинг атрофидагилар бу сувни табаррук деб биладилар ва ундан фойдаланадилар. Лекин бу афсона ислом дини удум ва қоидаларига зид бўлиб чиқади, яъни ўтганларни безовта қилиш мумкин эмасдир. Ҳақиқатга яқини балки, буюк саркарда Самарқандга Сузадан бир қисм хокларини олиб келган бўлса керак ва унинг буйруғи билан мақбара ҳарбий юришнинг муваффақиятли ғалабаси нишонаси сифатида қурилгандир.

    Мақбара уламолар томонидан вақти-вақти билан қуриб битказилди, узайтирилди ва ХХ асрнинг бошида пайғамбар қабри устида бешта паст гумбазли занжирли тўртбурчак узун мақбара биноси қурилди. Дунё бўйича Дониёр пайғамбарнинг 5 та қабри бор. Энг узуни Самарқанддаги ҳисобланади. Афсонага кўра қабр ўсиб борган ва ёки пайғамбар ҳоки айнан қаерда эканини билдирмаслик учун узун қилиб қуришган.

    Зиёратгоҳга ташриф буюрувчи уч дин вакиллари ҳар бири ўз одатига кўра мақбарани тавоф этадилар. Яҳудий раввинлар қабр бошида Торани ўқисалар, христиан поплар Инжилни ўқийдилар, мусулмонлар бир калима Қуръон оятларини ўқиб, дуога қўл очадилар.

    1996 йилда Москва ва бутун Россиянинг 15-патриархи Алексий ИИ Ўзбекистонга ташрифи чоғида Самарқандга, хусусан, Хўжа Дониёр мақбарасига ташриф буюрди. Мақбаранинг ёнида 600 йиллик писта дарахти бор эди, у қурий бошлаган бўлиб, патриарх дарахтни муқаддас қилишга қарор қилиб, илоҳий сув сепиб кетади ва бир мунча вақт ўтгач, дарахт яна жонланади. Дарахт кўкаришига бошқа сабаб ҳам бор. Патриарх Алексий келишига тайёргарлик кўрилиб, одамлар писта дарахти шоҳларига ширк қилиб боғлаб ташлаган латта-путта, иплар олиб ташланади, шоҳ-шаббаларга ишлов берилиб, кўпроқ суғорилади.

    Зиёратгоҳда тупроқ деворлар орасида ғаройиб ёғоч эшик ҳам бор. Бу кичиккина эшик чиллахона эшигидир. Бу ерга кириб, зикр билан банд бўлишган. Ҳозирда киришга рухсат йўқ. Чунки, тупроқ босиб қолиши хавфи бор.

    2001 йилда Самарқанд шаҳри ва унинг тарихий меъморчилик ва археологик ёдгорликлари, жумладан мақбара ва Хўжа Дониёр мажмуаси “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” номи билан ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди.

Мақбара чўзиқ 15 метрга яқин тўртбурчак тарҳли, пештоқ, беш гумбазли хонадан иборат. Пештоғи шимолий томонда ва унинг икки ёнидаги қуббали, кўзасимон курсили гулдасталари ганч ўймакорлиги билан безатилган, ён томонларига ҳам равоқлар ишланган. Мақбара ичида чўзинчоқ дахма бор. Мақбара ичида дунёдаги энг узун қабр 18 метр узунликка эга. Қабрнинг баландлиги жануб томонида 90 см., шимол томонида 160 см., шимол тарафи бирмунча кенгроқ 2 метр чунки, бу томондан тўртбурчак сағона ўрнатилган. Сағона пишиқ ғишт билан терилиб, қумшувоқ қилинган ва қуръоний ёзувларга эга бўлган мармар панеллар билан безатилган. Сағонанинг қарама-қарши томонида, мақбаранинг шимолга қаратилган деразасининг токчасида, ҳажми унча катта бўлмаган, маҳаллий аҳоли „ният-тоши“ деб аталган, арабий ёзувларга эга бўлган тош бор. Зиёратчилар Ҳазрати Дониёр қабрини бир ёки уч марта ният қилиб айланадилар ва бу тошни кўтаришга ёки ҳеч бўлмаса қимирлатишга ҳаракат қиладилар.

    Қабрнинг узунлиги тўғрисида бир неча ривоятлар бор. Уларнинг бирида айтилишича, олиб келинган турбат-муқаддас ҳисобланганлиги учун, ёмон ниятли кишилар қолдиқларни ковлаб олиб кетишлари мумкин эди. Шунинг учун узун қабр ковланиб, Пайғамбарнинг қолдиқлари унинг қаеригадир кўмилган. Бошқа мулоҳазаларга қараганда дунёда ўсадиган қабрлар бор ва Дониёр Пайғамбарнинг қабри шу қабрлар сирасига киради. Бу фикрга кўра, ҳар 100 йилда пайғамбарнинг суяклари бир газга (72 см) ўсар экан, шунинг учун қабр шундай узунликка эга экан. Агар қабрнинг икки томони айлана шаклида бирлашиб, ер шарини қамраса, ер юзида жаннат бўлар экан.

    Дониёр пайғамбар мақбараси турли даврларда ҳар-хил кўринишга эга бўлган. Россия империяси даврида нашр этилган китобда Дониёр Пайғамбарнинг 1870-1980 йиллардаги гравюра сурати акс эттирилган. Унга кўра, ўша даврларда Дониёр Пайғамбар қабри усти дарё тошлари билан терилган ва унинг атрофида кичик айвон ва хона (масжид) мавжуд бўлиб, қабр атрофида руҳоний ва авлиёларнинг белгиси бўлган олтита туғ ўрнатилган. Туғлар махсус тошларга ўрнатилган бўлиб, ҳозирда ҳам ушбу туғларни ушлаб турган тошлар бор, лекин туғлар сақланмаган.

     ХIХ аср охирларида ушбу қабр устида мақбара қурилди. Унга борадиган асосий йўл қадимий Афросиёб шаҳарчасидан бўлиб, мақбарадан сал баландроқда кириш дарвозахона-айвони қурилган. Унинг қолдиқлари ҳанузгача сақланиб келинмоқда ва у ҳам мақбара қурилган пайтда бино этилган. Ҳазрати Дониёр қабри устидаги мавжуд бўлган мақбара ХХ асрнинг бошида Самарқанд совунпазларининг устози Маҳмуд оқсоқол томонидан бунёд этилган, чунки Ҳазрати Дониёр совунпазларнинг пири ҳисобланади. Баъзи маълумотларга кўра, мақбаранинг қурилишида Мирошниченко исмли рус тадбиркор-савдогар ҳам ўз ҳиссасини қўшган.

    Мақбарада бир неча бор таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Зиёратгоҳ атрофи девор билан ўралиб, зиёратгоҳга чиқиш учун 3 қисмли зинапоя қурилди. Шу билан биргаликда қабр атрофи оникс ва қора мармар билан қопланди. ХХ асрнинг бошларида олинган бир фотосуратда мақбара олти гумбазли бўлган, ҳозирги вақтда эса гумбазларининг сони бешта бўлиб, улар кейинчалик бузилиб, қайтатдан тикланган бўлиши мумкин. Мақбаранинг шимол томонида иморатнинг юқори қисмини икки бурчагидан пишиқ ғиштдан терилган қуббалар безатади. Улар европача услубда қурилган. Ички қисмида ўша даврда қўлланиладиган, қалқонсимон лангарлар ҳамда гумбазларни кўтариб турган равоқлар ишлатилган.

    2001 йилда мажмуа атрофида археологик қазишмалар олиб борилди. ХИВ асрга тегишли масжид қолдиқлари топилди. Масжиднинг меҳроб токчаси Макка томонига қаратилган. Қарияларнинг айтишларича, масжид иккинчи жаҳон уруши даврида номаълум сабабларга кўра бузилган. Иморатнинг деворлари чўпкори услубида қурилган бўлиб, тагсинч болори пишиқ ғиштли асосга ётқизилган эди. Масжиднинг шимолий қисмида майдони 25 kv.metrli айвони ва масжидга кириш эшиги шу ердан бўлган. Айвоннинг шимоли-ғарбий бурчагида узунлиги 80 см., эни 40 см., қалинлиги 20 см. катталикдаги иккита тўғри бурчакли тош плитаси топилди. Улар қабр тошлар ясаш учун хомашё эди. Масжид жанубий деворининг таг қисми синчиклаб ўрганилганда у ерда ХВИИ асрга оид ғиштлар топилди. Меҳробли девор эса, анча қадимги девор ўрнида, жарликнинг ёнбағрини ушлаб туриш учун қурилган экан. Бу ердаги ва жанубий девор тагидаги ғиштлар ХИВ аср охири ва ХВ аср бошларига оиддир.

    Хулоса қилиб айтганда, бу мақбара мамлакатимиз сарҳадларидаги энг ноёб мақбаралардан бири саналади. Асосийси шуки бу мақбара халқимизга хос диний бағрикенглик намунаси саналади. Айниқса ҳозирги таҳликли замонда қайси дин эътиқод бўлмасин тинч-тотув яшаш муҳимдир. Ўзбекистонда эса яҳудий синагогаси ҳам, христиан черкови ҳам сақланиб қолгани ва фаолият юритаётгани мамлакатимиз ва халқимизнинг ўзига хос бағрикенглигини ифодаловчи бош омилдир.

 

Сунатилло Муҳиддинов,
Самарқанд давлат университети

Самарқанд тамаддуни тарихи кафедраси мудири, доцент.