“Ҳаёт шахматга ўхшайди. Оқибатларини билмай туриб ҳаракат қилишдан эҳтиёт бўлиш керак...”

Самарқанд давлат университети талабаси, Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси иштирокчиси Маржона Маликова билан суҳбат
-Нега айнан шахматни танлагансиз?
-Шахмат билан 9 ёшимдан буён шуғулланиб келаман. Кичкиналигимда ота-онам бирга шахмат ўйнарди. Уларнинг дона суришларини томоша қилиб ўтирарканман, бу оқ-у қора катаклар менга аллақандай сирли ва мўжизали туйиларди. Кейин мактабга чиқдим. Бошланғич синфда ўқиб юрганимда мактабимизда шахмат тўгараги очилди. Устозимнинг тавсияси билан шахматга қатнай бошладим.
-Энг биринчи ғалабангиз ёдингиздами?
-9 ёшимда вилоят чемпионатида иккинчи ўринни қўлга киритганман. Шу илк ғалабам бўлган.
-Муваффақиятингизнинг сири нимада?
-Яқинларимнинг қўллаб-қувватлаши.
-Мағлубиятни қандай қабул қиласиз?
-Мағлубият аввало ўйин тугаганини билдиради. Яъни, сиз мағлуб бўлдингизми, энди ушбу ўйин иштирокчиси бўлолмайсиз. Қайд этиб ўтиш керакки, ҳар бир ўйин бир марта бўлади. Эҳтимол яна ўйнашингиз мумкин, лекин олдинги вазиятда, олдинги ҳолатда ўйнолмайсиз. Шунинг учун мағлубиятга бирдан кўникишим қийин.
-Ўзбекистон терма жамоасига қачон қабул қилингансиз?
-Терма жамоага 2021 йилда кирганман. Аёллар ўртасида Олий лигада иштирок этиб, кучли олтиталик қаторидан жой олишга муваффақ бўлдим. Шундан кейин Ўзбекистон терма жамоаси аъзолигига қабул қилиндим. Унгача ҳам 2019 йилда Осиё чемпионатида рапид йўналишида иккинчи ўринни қўлга киритган эдим. Шундан кейин менга хоҳлаган олий таълим муассасасига имтиҳонсиз ўқишга кириш имтиёзи берилди. Мен Самарқанд давлат университетини танладим. Сабаби, Самарқанд менинг она шаҳрим. Қолаверса, мамлакатимизнинг кўзга кўринган олимлари, фан ва давлат арбоблари ушбу университетдан етишиб чиққан. Самарқанд давлат университетининг мамлакатимиз тараққиёти учун фойдали кадрлар тайёрлашда ҳиссаси катта. Мен унда келажагимни кўра оламан. Келусида магистратурани ҳам шу ерда давом эттирмоқчиман.
-Жаҳон чемпионатидаги иштирокингиз ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз.
-Олий лигада ўрин олган 5 ўрин соҳиблари жаҳон чемпионатига танлаб олинган. Мен ушбу мусобақада тўртинчи ўринни олган эдим. Шундан кейин олимпиадага тайёргарлик бошланди. Кучли ва пухта тайёргарликдан сўнг Ченнайга йўл олдик. Илк бор ганалик ўйинчи билан ўйнадим ва ғолиб бўлдим. Ундан кейин Америка жамоаси билан ўйнадик. Бу гал ғалабани бой бердим. Доминикан Республикаси жамоасига қарши дона сурганимда ғолиблик менга насиб қилди. Умумий ҳисобда қизлар жамоаси 11 турдан 7 тасида ғолиб бўлдик.
-Спорт сиз учун нима?
-Шахмат мен учун иккинчи ҳаёт.
-Спортни тарк этиш ҳақида ўйлаган вақтингиз бўлганми, агар бўлса нега?
-Бўлган. Зерикиш, мен билан шуғулланадиган дугоналаримнинг йўқлиги сабаб бир йилча шахмат билан шуғулланмадим. Аммо ҳаётимда нимадир камдай туйилаверди. Кейин шахматсиз яшашим мумкин эмаслигини англаб етдим ва шахматга қайтдим.
-Спорт сизга аввало нима берди?
-Оила, дўстлар ва шу пайтгача нимага эришган бўлсам шуларнинг энг яхшисини берди. Терма жамоадаги ҳар бир иштирокчи билан бир оила вакили кабимиз.
-Бугунги Ўзбекистонда шахмат спорти қай даражада ривожланяпти деб ўйлайсиз?
-Мактабларда алоҳида шахмат дарслари қўйилса яхши бўларди. Болалар бошланғич синфлардан бошлаб шахмат билан шуғулланишлари керак. Шахмат – ақл машқи, болаларда мантиқий фикрлашни ва дунёқарашни ривожлантиришда энг яхши восита.
-Келажакдаги режаларингиз?
-Ҳозирда 5-15 сентябрь кунлари Қирғизистонда ўтказиладиган Ғарбий Осиё чемпионатига тайёргарлик кўряпман. Жаҳон гроссмейстерлиги унвонини олиш асосий мақсадим. Келажакда агар профессионал шахматдан кетсам, фаолиятимни тренер сифатида давом эттиришим ҳам мумкин.
-Қайси рангдаги дона билан ўйнашни яхши кўрасиз?
-Оқ ранг билан ўйнаш ёқади. Жаҳон чемпионатида кўпроқ қора рангга тушиб қолдим. Шунинг учун мағлубиятни шундан кўрган вақтим ҳам бўлди.
-Ҳаётни шахмат деб олсак, қайси фигура бўлишни хоҳлардингиз?
- Ҳаёт шахматга ўхшайди. Оқибатларини билмай туриб ҳаркат қилишдан эҳтиёт бўлиш керак. Агар ҳаётни шахмат деб олсак, мен от фигураси бўлишни хоҳлардим. Чунки, у бошқа доналарга нисбатан ўзгача ҳаракат қилади. Унинг юришини ҳеч бир дона такрорлай олмайди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода Бекмуродова суҳбатлашди