Ўзбекистон Глобал инновацион индексда 4 поғона юқорилаб, Марказий ва Жанубий Осиё мамалакатлари орасида Ҳиндистон ва Эрондан кейин 3-ўринни эгаллади

29 сентябрь куни 2022 йил учун Халқаро Глобал инновацион индекс рейтинги натижалари эълон қилинди. Ўзбекистон Глобал инновацион индекс рейтингида ўтган йилгидан 4 поғона юқорилаб, 132 давлат орасида 82-ўринни эгаллади.
Бу йилги ҳисобот “Инновацион ривожланишнинг келажаги”га бағишланган бўлиб, у инновацияларнинг келгуси ўн йилликда меҳнат унумдорлиги ва жамиятнинг фаровонлигига таъсирини баҳолайди.
Ўзбекистон 2015 йилда 141 та давлат орасидан 122-ўринни, узоқ танаффусдан кейин, 2020 йилда 131 та давлат орасида 29 поғонага юқорилаб, 93-ўрин билан ушбу рейтингга қайтган эди.
Жорий йилда эса, бу рейтингда умумий 4 поғонага кўтарилиб, “инновацияларни жорий этиш учун мавжуд ресурслар ва шароитлар” (Innovation Input – Кириш индекси) бўйича 7 поғона кўтарилгани – 68-ўрин, “инновацияларни жорий этишда эришилган амалий натижалар” (Innovation output – Чиқиш индекси) бўйича 9 поғонага юқорилагани – 91-ўрин қайд этилмоқда.