Ҳар йили январь ойининг иккинчи дам олиш куни сув қушларини кузатиш куни ҳисобланади. Ушбу сана 1967 йилдан бери Халқаро сув-ботқоқ ва сув қушлари бюроси ташаббуси билан нишонланиб келинади.

    Сув-ботқоқ ерлари билан бевосита боғлиқ бўлган, сув қушларини ўрганиш ва муҳофаза қилиш лойиҳаси ҳар йили январ ойи ўрталарида “Бутунжаҳон сув-ботқоқлар куни” арафасида ўтказилади. Ушбу сананинг тарихи 1971 йилда Каспий денгизининг жанубий қирғоғида жойлашган Эроннинг Рамсар шаҳрида имзоланган “Халқаро аҳамиятга эга бўлган сув-ботқоқ ерлари ва сув қушларининг яшаш жойлари тўғрисида” ги конвенция билан боғлиқ.

    Бугунги кунга қадар 168 давлат Рамсар конвенциясининг иштирокчиси ҳисобланади. Ўзбекистон мазкур конвенцияга 2001 йилда қўшилган. Бугунги кунда Ўзбекистонда халқаро аҳамиятга эга бўлган сув-ботқоқ ерлар мақомига эга бўлган ҳудудлар мавжуд бўлиб, уларнинг асосий қисми майдони 31,3 минг гектар бўлган Денгизкўл, 527,1 минг гектар майдонни эгаллаган Айдар-Арнасой кўллар тизими, Тўдакўл ва Қуйимозор сув омборларига тўғри келади.

    Ўзбекистонда дарёлар, кўллар, сув омборлари ва суғориш тизимларида 130 га яқин қуш турлари учрайди, улардан 20 дан ортиғи Халқаро ва Миллий Қизил китобларга киритилган.

    Бугунги кунда сув қушларининг 17 фоизи глобал хавф остида. Ҳар йили 4 миллиондан ортиқ сув қушлари республикамиз ҳудудидан бошқа ҳудудларга кўчиб ўтади.

    2007 йилда ташкил этилган “Ўзбекистон қушларни ҳимоя қилиш жамияти” Республика нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан 9 йилдан буён мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги 14 та муҳим қушлар яшайдиган ҳудудда сув қушларининг кузги, баҳорги ва қишки мониторинги олиб борилади. Компания томонидан ўрганилаётган ҳудудларга Туябўғиз, Каттақўрғон, Тўдакўл, Қуйимозор, Чимқўрғон сув омборлари, Хадича, Зекри кўллари, шунингдек, Денгизкўл ва Айдар-Арнасой кўллар тизими киради.

    Ўзбекистонда мазкур санани сувда сузувчи қушларни санаш, қизиқарли учрашувлар, маърифий тадбирлар билан нишонлаш режалаштирилган. Шундай қилиб, орнитологлар, Қушларни ҳимоя қилиш жамияти ва талабалар клублари аъзолари томонидан январ ойининг иккинчи ҳафтаси дам олиш кунида республикада сув қушларини санаш ўтказилади. Бу бўйича экспедициялар Тошкент, Самарқанд, Қарши ва Бухоро вилоятларида олиб борилиши кутилмоқда.

    Самарқанд давлат университети география ва экология факультетида фаолият юритаётган “Фламинго” талабалар орнитологик клуби аъзолари ҳамда биология факультетининг тажрибали орнитологлари ва малакали профессор-ўқитувчилари ҳам ушбу тадбирда иштирок этадилар.

    Жорий йилнинг 15 январь куни талабалар Каттақўрғон ва Чимқўрғон сув ҳавзаларида қишлаётган сув қушларини рўйхатга олиш ишларини олиб борадилар. Шу куни дунёнинг турли нуқталаридан 15 000 дан ортиқ кўнгиллилар сув қушларини рўйхатга олишда қатнашади. Ўрганишлар натижасида олинган маълумотлардан сувда сузувчи қушларнинг ресурсларини баҳолаш, ноёб турларни муҳофаза қилишни яхшилаш, ўқув-тарбиявий мақсадларда фойдаланилади.

    Тажрибалар натижасида аниқланган қушлар сони тўғрисидаги маълумотлар халқаро маълумотлар базасига киритилади ва қушларни сақлаш бўйича чора-тадбирларни янада режалаштириш учун хизмат қилади.

 

Лейля Белялова,

Самарқанд давлат университети,

Экология ва ҳаёт фаолияти хавфсизлиги кафедраси доценти