Жаҳонгир Ўроқбоев Пайариқ тумани “Катта Сайидов” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Соҳиб ота” қабристони атрофида мол боқиб юрган вақтида зах ариқ ичида ётган темир бўлагига кўзи тушиб қолади. Жаҳонгир тарих ва археология мутахассислигида таҳсил олаётганимни билгани боис, топилган ашёни менга олиб келиб кўрсатди. Икковимиз бамаслаҳат топилмани Самарқанд давлат университети Қатағон қурбонлари хотираси музейига топширдик.

    Аниқлик киритиш мақсадида у музей ходимлари томонидан рўйхатга олинди. Топилмани занг ва чиринди қопламасидан тозалаш учун мутахассисларга топширилди. Аниқланишича у 1894 йилда Бельгияда ишлаб чиқарилган, “Асиер универсел” маркали қурол қолдиғи экан. Ўқотар қурол Бельгиянинг Серан шаҳридаги «Кокериля» заводида ишлаб чиқарилган. Маълумки, Франция ва Англия давлатлари Афғонистон ҳудуди орқали ўзбек миллий озодлик ҳаракати йўлбошчиларини замонавий милтиқлар билан таъминлаб турган. Яна бир томони ўша пайт Чор Россияси ҳам Бельгиядан сотиб олган қуролларни 100 рублдан сотишни йўлга қўйган эди. Қарши ҳаракатлар натижасида ўқотар қуроллар қўлга киритилган бўлиши ҳам мумкин.

    ХИХ асрнинг охирларида Бельгиядаги қурол-яроғ заводида ўн минг дона ов қуроли тайёрланган. 1900 йилда Парижда бўлиб ўтган Бутунжаҳон кўргазмасида завод олтин медаль билан тақдирланган. Ов қуролининг қўндоқ қисми ёғоч материалидан ясалганлиги сабабли ер остида чириндига айланган. Унинг стволи юпқа металдан бўлганлиги туфайли бизгача етиб келмаган, фақатгина қалин пўлатдан ясалган механизм қисми сақланиб қолган. Қурол қайси йўл билан “Соҳиб ота” қабристони ҳудудига келиб қолганлиги бизга номаълум. Аммо айрим илмий фаразларга кўра бу жой ўрнида аввал шаҳар бўлган. Бу ердан сопол буюмлар қолдиқлари, металдан ясалган сак қабилаларига тегишли ўқ-ёйнинг учи, ўрта асрларга оид лойдан тайёрлаб оловда пиширилган бўлаги топилган. Собиқ иттифоқ даврида бу ердан одамларни кўчириб, ўзига тўқ деҳқонлардан ерларини тортиб олиб, пахта майдонларига айлантиргани тарихдан маълум.

 

Ҳамза Ишқувватов,

СамДУ тарих факультети магистранти.