Самарқанд давлат университетида шу мавзуда давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда “Коррупциясиз келажак” ташкилоти вакили Мўмин Шукуров, Самарқанд шаҳар прокурорининг ёрдамчиси Жафар Шаропов ва Самарқанд ИИБ ходими, подполковник Муродулло Каттақуловлар маърузалари билан иштирок этди.

    Семинар очиқ мулоқот шаклда ўтиб, талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди. Шунингдек, таълим тизимида шаффофликни таъминлаш учун кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги алоҳида таъкидланди.

    - Коррупция маълум бир соҳага эмас, балки бутун жамият тараққиётига тўғаноқ бўлади. Айнан шу иллат сабабли кўплаб давлатларнинг инқирозига юз тутгани ҳам тарихдан маълум, - дейди Самарқанд шаҳар прокурори ёрдамчиси Жафар Шаропов. - Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан бу иллатга қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда. Давлат раҳбарининг таъбири билан айтганда бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлилик ва инвестиция    муҳитини яратиб бўлмайди, умуман жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди…

    Тадбир давомида коррупциянинг оқибати нималарга олиб келиши ҳаётий мисоллар билан келтирилди.

    Шунингдек, Самарқанд давлат университетида ўтказилган “Биз коррупцияни биргаликда енгамиз” мавзусидаги иншолар танлови ғолиблари тақдирланди… 

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.