Муносабат
Facebook тармоғида «Самарқандлик» (Я – Самаркандец) гуруҳида Университет хиёбонида жойлашган турар ва нотурар-жой объектларини бузиш бўйича Лазизбек Раҳматов номли фойдаланувчининг мурожаати эълон қилинди.
Самарқанд давлат университети Ахборот хизмати ушбу мурожаат бўйича қуйидагиларни маълум қилади:
Самарқанд шаҳридаги Университет хиёбони нафақат вилоят ҳокимлиги, балки Вазирлар Маҳкамаси, муҳтарам Президентимиз эътибор марказидаги манзил ҳисобланади. Бу жойга қўйиладиган ҳар бир ғишт бутун мамлакат жамоатчилигининг эътибор марказида туради. Номидан ҳам маълумки, бу манзил Университет хиёбони бўлганлиги учун ҳам бу ердаги бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари биринчи навбатда университет манфаатларига бўйсундирилади. Университет манфаати бу - миллат ва мамлакат манфаатидир.
Бу ҳақида фикр юритганда Самарқанд маърифати, маънавияти тамойилини ҳам унутмаслик керак, албатта. Ҳамма замонларда ҳам миллат манфаати, шахслар манфаатидан устун турган.
Хавотирга ўрин йўқ. Одамларнинг хотиржамлигига путур етказишга ҳам уриниш керак эмас. Самарқанд вилояти ҳокимини ва бошқа мутасаддиларни ноўрин айблашдан тийилинг. Бу масалада СамДУ маъмуриятига, Самарқанд вилояти ҳокимлигига мурожаат қилсангиз кифоя. Барча тегишли ҳужжатлар билан танишасиз...
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 январдаги қарори билан 2022-2025 йилларда Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетини комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланган. Мазкур дастур асосида Самарқанд шаҳар университет хиёбонида СамДУ учун зарур ўқув ва бошқа биноларни қуриш ишлари бир нечта ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар асосида амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йилнинг 15-16 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида вилоят фаоллари иштирокида ўтказилган йиғилиш баёнининг 122-бандида “Самарқанд шаҳар Университет хиёбони 13-15-уй манзилда ҳамда Термиз кўчаси кесишмасидаги 7-9-уй манзилда жойлашган, Мустақиллик кўчаси кесишмасида жойлашган аҳоли ва юридик шахсларнинг турар жой ва бошқа бинолари ўрнида Самарқанд давлат университети учун 1000 ва 1500 ўринли иккита ўқув биноси қуриш таклифига розилик берилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири A.Арипов 2022 йил 28 апрель санасида Самарқанд вилоятида ўтказилган сайёр йиғилиши 106-сонли баёнининг 16-банди, 5-хатбошиси билан Самарқанд давлат университети ҳудудини босқичма-босқич кенгайтириб, ягона университет кампусини яратиш ҳамда университет хиёбонини истиқболли ривожлантириш дастури тасдиқланган.
Юқорида келтирилган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ижросини таъминлаш бўйича Самарқанд вилояти ҳокимлигининг 2022 йил 15 август санасида қарорига кўра Самарқанд шаҳар Университет хиёбони 13-15-уй манзилда ҳамда Термиз кўчаси кесишмасидаги 7-9-уй манзилда жойлашган, Мустақиллик кўчаси кесишмасида жойлашган жами 33 та (турар ва нотурар-жой) объектлари мавжуд бўлиб, ушбу 33 та мулк эгалари Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган “Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида”ги Низом талаблари асосида огоҳлантирилган.
Шу муносабат билан Самарқанд шаҳар университет хиёбонида Самарқанд давлат университети учун 1000 ва 1500 ўринли иккита ўқув биноси қуриш учун ер майдонини бўшатиш мақсадида тарихий аҳамиятга эга бўлмаган, фойдаланишга яроқсиз турар ва нотурар-жой объектларини бузиш ишлари ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар асосида, белгиланган тартибда амалга оширилмоқда.
Facebook тармоғидаги «Самарқандлик» (Я – Самаркандец) гуруҳида эълон қилинган Лазизбек Раҳматов номли фойдаланувчининг Университет хиёбонида жойлашган турар ва нотурар-жой объектларини бузиш бўйича мурожаатида келтирилган тарихий биноларнинг бузилаётгани ҳақидаги иддао мутлақо асоссиз.
Самарқанд шаҳар Университет хиёбони 13-15-уй, Термиз кўчаси кесишмасидаги 7-9-уй, Мустақиллик кўчаси кесишмасида жойлашган жами 33 та турар ва нотурар-жой объектлари тарихий аҳамиятга эга эмас. Кўпчилиги фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолган. Маънан эскирган. Аксарияти янгиланаётган, замонавий шаҳар услубига мос келмайди...
Бугун “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” да таълимни ривожлантириш, ёш авлоднинг билим олиши, муайян касб эгаси бўлиши учун қилинаётган бу каби ишларга бир томонлама назар билан қараш мумкин эмас. Таълим учун қилинаётган ҳар бир ислоҳотнинг ортида зиёли миллат келажаги турибди. Қурилиши режалаштирилаётган университет биносида сизу биз, келгуси авлодлар таҳсил олади. Бугун бир нечтагина кишига хизмат қилиб турган масканлар, эртага бир неча минглаб инсонларга хизмат қилади. Ортида миллат фарзандлари таълими, турган ҳар бир иш, энг аввало, халқ манфаатлари учун, инсон ва унинг порлоқ келажаги учундир.
Тарихга назар ташласак, қанчадан-қанча жадид боболаримиз ёш авлоднинг илмли, зиёли бўлиб етишиши учун ўз уйидан мактаблар, кутубхоналар очганига гувоҳ бўламиз. Исъҳоқхон Ибрат, Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий каби улуғ маърифатпарвар аждодларимиз ўз уйида мактаблар ташкил қилиб, борини шу халқни илм-маърифатли қилишга бағишлаган. Ўтмиш даврларидан бери таълимга эътибор бу даражада юксак бўлишига сабаб, ҳеч бир мамлакатни илм-фан ва таълимчалик дунёга танитадиган, порлоқ келажагини таъминлайдиган тармоқ йўқ. Шундай экан, таълим учун амалга оширилган ҳар бир ислоҳотни чуқур фикр қилган ҳолда таҳлил қилиш лозим.
Самарқанд давлат университети ҳудудини босқичма-босқич кенгайтириб, ягона университет кампусини яратиш ҳамда университет хиёбонини истиқболли ривожлантириш учун амалга оширилаётган ҳар бир қадам Самарқанднинг ўзига хос янги қиёфасини шакллантиришга ҳисса қўшади.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.