“Олима аёллар – жамият кўзгуси”
Самарқанд давлат университети хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳат кенгаш ташаббуси билан “Олима аёллар – жамият кўзгуси” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Унда Самарқанд давлат университети олималари, профессор-ўқитувчи ва талабалар иштирок этди. Тадбирни СамДУ хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳат кенгаши раиси, ректор маслаҳатчиси Шарофат Тўхлиева кириш сўз билан очиб, сўнгги йилларда илм-фан ва инновация соҳасида фаол иштирок этаётган, янги ихтиро ва стартап лойиҳалари билан жамоатчилик эътирофига сазовор бўлган аёллар фаолияти ҳақида тўхталди. Жамиятда тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб бораётган аёлларнинг илм-фан соҳасида ҳам ўз ўрнига эга бўлишлари лозимлигини таъкидлаб ўтди.
- Илм-фан ва инновация соҳасида эришилган ҳар бир ютуқ, кашф этилган ҳар бир ихтиро нафақат инсон, балки у орқали давлат ва жамият тараққиётига хизмат қилади, - дейди Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебинисо Раҳмонова, - Бу каби тадбирлар ушбу соҳада аёллар ўрнини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Сўнгги йилларда СамДУ олималари томонидан ишлаб чиқилаётган инновацион лойиҳа ва ғоялар, берилаётган таклифлар республика жамоатчилигини бефарқ қолдираётгани йўқ…
Шунингдек, тадбир давомида СамДУ фалсафа ва миллий ғоя кафедраси профессори Гулноза Султанова сўзга чиқиб, яқин кунларда Теҳрон шаҳрида ЮНЕСКО ташаббуси билан ўтказилган “Аёллар, маънавият ва адолат” мавзусидаги хотин-қизлар биринчи халқаро конгрессидаги иштироки ҳамда аёлларнинг жамиятдаги ўрни масаласида халқаро нигоҳда амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Тадбир якунида Самарқанд давлат университети олима аёллари фаолияти акс этган кўргазма намойиш этилди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.
Шавкат Акрамов олган суратлар