ҚУЁШ ЭЛЕКТР СТАНЦИЯЛАРИ ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯ МУАММОЛАРИ ЕЧИМИ
XXI аср бошларида инсоният олдида анъанавий энергия манбаларининг яқин келажакда тугаши ва ернинг экологик ҳолати ёмонлашуви билан боғлиқ бўлган муаммолар пайдо бўла бошлади. Aйни муаммолар дунё ҳамжамиятидаги ўта долзарб ва глобал миқёсда асосли хавотирлар уйғотаётган масалаларга айланди.
Маълумки, ҳозирги даврда бутун дунёда энергия асосан маъданлардан олинадиган манбалардан: нефт, табиий газ, кўмир, ядро ёнилғисидан фойдаланиб ишлаб чиқарилмоқда. Шу билан бирга, энергияга бўлган талабни фақат қазиб олинадиган манбалардан фойдаланиш ҳисобига қондириш мумкин эмаслиги, энергиянинг анъанавий манбалари захиралари аста-секин тугаб бораётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Аксарият экспертларнинг фикрича, энергияга бўлган талабнинг глобал ортиши сабабли анъанавий манбалар захираси тахминан асримиз ўрталарига бориб тугайди.
Техник таррақиёт натижасида янги конларнинг очилиши ресурсларнинг тугаш жараёнини фақат бироз ортга суриши мумкин, холос. Шуниси аёнки, анъанавий энергия захиралари тўлиқ тугамаган тақдирда ҳам, уларга бўлган талабнинг кескин ортиши туфайли нархларнинг сезиларли даражада ошиши кузатилади.
Қайта тикланувчи энергия манбалари ичида доимо энг жозибадори ва истиқболлиси фотовольтаика, яъни қуёш энергиясини бевосита электр энергиясига айлантириш ҳисобланади. Қуёш узоқ асрлар мобайнида инсонларнинг энергияга бўлган ўсиб борувчи талабларини қондириши мумкин ва бу ҳозирда дунё ҳамжамиятига яхши маълум.
Бир соатда ерга келаётган қуёш энергиясининг миқдори инсоният бир йилда истъемол қилаётган энергия миқдоридан ортиқ, шу сабабли ва бундан ташқари, табиий энергия захираларининг чекланганлиги ҳамда экологик муаммолар қуёш энергиясидан фойдаланиш заруриятини оширмоқда.
Қуёш энергияси техник томондан қулай, атроф-муҳитни мутлақо ифлослантирмайдиган ягона энергия манбаи ҳисобланади. Охирги ўн йилликда қуёш энергиясидан фойдаланиш бутун дунёда ортиб бормоқда. 2021 йилдаги маълумотлар жаҳон электр энергиясининг деярли 5 фоизини фотоэлектрик қуёш станциялари таъминлаганини кўрсатмоқда. Бир қарашда бу жуда кичик миқдордай туйилади, бироқ бу улуш жуда тез ортиб бормоқда. Ўн йиллар илгари бу кўрсаткич атиги 1 фоизни ташкил қиларди ва у асосан ривожланган давлатлар ҳисобига тўғри келган. Ҳозирги кунда нафақат ривожланган давлатлар, балки ривожланаётган давлатларда ҳам қуёш энергиясидан фойдаланишга катта эътибор берилмоқда.
Жаҳон банкининг 2020 йил учун тайёрлаган ҳисоботига кўра, нафақат электр энергиясига бўлган ўз талабини тўлиқ қондириш, балки ундан ҳам ортиғини қуёш электр станцияларидан фойдаланиб ишлаб чиқариши учун дунёнинг деярли барча давлатларида географик шароит ҳам, об-ҳаво ҳам, қуёш нури ҳам етарли.
Тарихга назар солсак, Нью-Йоркдаги “Белл Телефон” компанияси лабораториялари томонидан 1954 йили ўзига хос ихтиро ҳаётга жорий қилинди. У қуёш энергиясини бевосита электр энергияга айлантириб бера олиш хусусиятига эга эди. Тез орада у нафақат космик парвозлар учун, балки кундалик турмуш мақсадлари учун ҳам иқтисодий томондан мақбул бўлиб қолди.
1970 йиллардаги энергия инқирози қуёш энергиясидан корхоналар ва хонадонлар учун электр энергия олишга бўлган қизиқишни жонлантириб юборди. 1973 йил июлида Парижда ўтказилган ЮНЕСКО конференцияси “Қуёш инсон хизматида” шиори остида ўтди ва дунёдаги қуёш энергетикасининг ҳолати ҳақида аниқ маълумотларни берди. 1973 йилгача қуёш энергияси олимлар учун тадқиқот объектигина бўлган, энди у саноатнинг янги соҳасига айланди, бироқ ўша вақтларда бу технология катта харажатлар талаб қилганлиги боис қуёш батареялари оммавий ишлаб чиқарилмаган бўлса, вақт ўтиши билан фотоэлектр элементларнинг таннархи кескин тушди, хусусан, охирги ўн йилда 59 фоиздан ортиқ миқдорда арзонлашди ва шу боисдан корхоналар, ташкилотлар ҳамда хусусий уйлар учун қуёш энергиясидан фойдаланишга кенг йўл очилди.
Бугунги кунда дунё миқёсида қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича Хитой Халқ Республикаси етакчилик қилмоқда. 2021 йилдаги статистик маълумотларга кўра, умумий ишлаб чиқарилаётган электр энергиясида қуёш энергиясининг улуши бўйича жаҳонда Австралия 15,5 фоиз миқдор билан пешқадам.
Мамлакатимизда ҳам энергетика соҳасига стратегик йўналиш сифатида эътибор қаратилиб, охирги йилларда янги энергия қувватлари барпо этилди. Шунга қарамай аҳолининг ортиб бориши, саноат корхоналарининг кўпайиши электр энергиясига бўлган талабнинг ҳам йилдан йилга ошишига олиб келмоқда. Мамлакатимизда 2030 йилга келиб электр энергиясига бўлган талаб жорий 74 миллиард кВт/соат дан 110 миллиард кВт/соатгача ошиши ҳисоб-китоб қилинган. Табиийки, бундай вазиятда қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланиш муаммоларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади.
Шу туфайли мамлакатимизда ҳам қуёш энергиясидан фойдаланиш долзарб масалалардан бирига айланмоқда ва бу борада муҳим амалий ишлар қилинмоқда. Масалан, француз компанияси Total Eren тўлиқ ишлаб чиққан “Тутли” фотоэлектр станцияси 2022 йилда Ўзбекистонда қурилган йирик қуёш электр станциялардан биридир. Унинг қуввати 131 мВт. У бир йилда 270000 кВт/соат электр энергия ишлаб чиқиб, 140000 та хонадонни электр энергия билан таъминлайди.
Бундай қуёш электр станцияларининг кўплаб барпо этилиши, ўзбек қуёш энергетикасининг сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилишига олиб келади. Агар йирик ташкилотлар, корхоналар ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларидан оммавий фойдаланишга ўтса, табиий бойликлар захиралари сақлаб қолинади ва табиатга етказилаётган зарар миқдори сезиларли даражада камаяди. Шу билан биргаликда, қайта тикланувчан энергия манбаларидан бири бўлган қуёш нурини бевосита электр энергиясига айлантириб берадиган фотоэлектр станцияларидан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмай, иқтисодиётни ривожлантиришга катта ҳисса қўшади.
Субхон АХРОРОВ,
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети
кафедра мудири, доцент .