“Нега магистратурада ўқиш керак?”

“Магистр даражасининг қандай афзалликлари бор?”

“Хорижий тилни билмасдан магистратурада ўқиш мумкинми?”

    Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродовнинг университет битирувчилари билан учрашувида шу каби масалаларда сўз юритилди...

    Ректор ва битирувчилар учрашувининг дастлабки кунида Муҳандислик физикаси, Агробиотехнология ва озиқ-овқат хавфсизлиги институтлари ҳамда математика, интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари, география ва экология, инсон ресурсларини бошқариш факультетлари битирувчилари билан очиқ мулоқот олиб борилди.

    Учрашувда ректор бугунги олий таълим тизими талаблари ва магистратура таълими масалаларига алоҳида тўхталди. Хусусан, жорий ўқув йилида магистратура қабулида бўлган ўзгаришларнинг моҳияти ҳақида сўзлар экан, хорижий тилларни билиш дунёни илм билан забт этишнинг муҳим омилига айланаётганини таъкидлади:

    – Ҳар бирингиз олий таълимнинг бакалавриат босқичини битириш арафасида турибсиз. Агар бакалавр олий таълимнинг дастлабки поғонаси бўлса, магистратура унинг давомидир. Охирги вақтда магистратурага қабул жараёнларида ўзгаришлар бўлганидан барча хабардор. Ушбу янгиликларнинг туб замирида сифатли ва малакали кадрлар етиштириш мақсади ётибди.  Бунинг учун, энг аввало, соҳага оид илмларни чуқур ўзлаштириш ва хорижий тилларни билиш зарур бўлади. Сизнинг ўз келажагингиз учун қилган энг катта яхшилигингиз чет тилларни ўрганишингиздир...

    Учрашувнинг иккинчи кунида Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов биология, кимё, юридик ҳамда филология факультети талабалари билан учрашди.

    Университет ректори олий таълимнинг бакалавриат босқичини битириш арафасида турган ёшлар билан очиқ мулоқот олиб борар экан, магистратурага қабул жараёнларида бўлаётган ўзгаришлар ва уларнинг туб замирида сифатли ва малакали кадрлар етишиб чиқариш зарурати ётганлигини айтиб ўтди.

    Бугунги замонага бакалавриат битирувчилари орасидан жиддий саралаш  натижасида шакллантирилган, мутахассислик фанларини чуқур амалий ёндашув асосида ўзлаштирган етук салоҳиятли кадрлар кераклиги ҳақида фикр билдирди.

 

Ирода БЕКМУРОДОВА

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати
 ходими.
Шавкат А
КРАМОВ олган суратлар.