Самарқанд давлат университетида таълим олаётган талабаларнинг ота-оналари билан очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда.

    Самарқанд давлат университети ўқув ишлари бўйича проректори Рустам Йўлдошев  ота-оналарга, олий таълим тизими,  тартиб-қоидалар ва дарс жараёнлари ҳақида атрофлича маълумот берди.  

    Қайд этиш жоизки, бугун олий таълимга, умуман таълим соҳасига энг муҳим масала сифатида қаралаётган бир даврда яшаяпмиз. Ёшларга таълим беришнинг масъулияти  таълим тизимига алоқадор ҳар бир бўғиннинг зиммасидадир.  Бунда ўқитувчи ва талаба таълим жараёнининг асосий томонлари бўлгани ҳолда, ота-оналар ҳам  бевосита алоқадор ҳисобланади.

    -Бугун талабалар билим даражасини ошириш, ўзлаштириш самарадорлигига эришиш жуда муҳим, - дейди Самарқанд давлат университети ўқув ишлари бўйича проректори Рустам Йўлдошев, - Таълим сифати, аввало, ўқитувчи салоҳияти ва касбий маҳорати, талабанинг берилган билимларни самарали ўзлаштиришига боғлиқ. Иккинчи томондан талабанинг  ота-онаси ҳам бунда иштирок этишини унутмаслиги зарур. Қисқача айтганда, таълим ва тарбия жараёнининг бир бутунлигини таъминламасдан туриб ўқувчиларга берилаётган билим сифатини яхшилаб бўлмайди. Бу борада таълим даргоҳларининг ота-оналар билан доимий алоқада бўлиши муҳим омил ҳисобланади. Учрашувларда ота-оналарни таълим тизими ва ўқув жараёнларига оид зарур маълумотлар билан таништириб боряпмиз. Шу билан бирга фарзандининг таълим олишига бефарқ бўлмаган ҳар бир ота-онанинг мавзуга оид савол ва таклифлари тингланмоқда.

    -Фарзандларимизга таълимни ўқитувчи берса, тарбияни  ота-она бериши керак- дейди Эшмурод Рўзиев, - Мен ҳам  Самарқанд давлат университетида таҳсил олганман. Ўша даврлар билан бугунги  шароитларни таққослайдиган бўлсак, жуда катта фарқ бор.  Ҳозирда неварам Самарқанд давлат университетида ўқийди. Унинг ўқишини доимий равишда назорат қилиб бораман. Бугунги учрашув орқали университетдаги таълим жараёни, баҳолаш тизими, ўқув йили тақсимоти бўйича зарур маълумотларга эга бўлдим. Масалан, кейинги ўқув йилидан бошлаб Самарқанд давлат университетида бир ойлик қишки таътилнинг жорий этилиши, I босқич талабаларидан ташқари барчага ўқиш  август ойидан бошланиши мен учун муҳим янгилик бўлди.

    Олий таълим муассасаси ҳамда ота-оналар ҳамкорлиги таълим сифатини оширишда муҳим омил ҳисобланади. Университетда ўтказилаётган ота-оналар учрашувлари таълим жараёнига ота-оналарни фаол жалб қилиш, таълим муассасаси ва ота-оналар алоқаларини янги босқичга кўтаришда муҳим қадамдир.

Ирода БЕКМУРОДОВА,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.