Самарқанд давлат университети талабалари учун хорижий тилларни ўрганишга қулай имконият яратилмоқда 

    Самарқанд давлат университетида  “IELTS CENTER” тил маркази билан ҳамкорликда хорижий тилларни ўқитиш маркази ташкил этилмоқда. Баъзи саволлар билан  тил маркази раҳбари Парвиз Исматиллоевга мурожаат қилдик.

     Cамарқанд давлат университети қошида ташкил этилаётган хорижий тиллар марказини ташкил қилиш жараёни ҳақида тўхталсангиз, бу борада илк ташаббус қайси томондан чиққан?

    –Магистратура таълимига қабул жараёнида белгиланган хорижий тил сертификати талаби сўнгги вақтларда ёшлар ўртасида хорижий тилларни ўрганиш заруратини юқори ўринга қўйди. Шу муносабат билан Самарқанд давлат университети хорижий тилларни ўрганишга қизиқадиган талабаларнинг қулай нарх ва шароитда тил ўрганишларини таъминлаш мақсадида “IELTS CENTER” тил маркази билан ҳамкорликда хорижий тилларни ўргатиш маркази ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. Ўзаро келишувлардан сўнг, хорижий тил, хусусан инглиз тилини ўргатишга ихтисослашган тил маркази ташкил этилди. СамДУ томонидан университет 2-сон талабалар турар жойи биносидан марказ учун ҳеч қандай ижара тўловларисиз жой ажратиб берилди. Ҳозирда ўқув хоналари жиҳозланиб, дарс жараёнларини бошлашга тайёргарлик кўрилмоқда.

    – Марказда  қайси даражадаги тил ўрганувчилар ўқишлари мумкин?

    – Март ойининг биринчи ўн кунлиги ичида дарс жараёнлари бошланади. Хорижий тилни ўрганиш, тил сертификати олиш истагида бўлган Самарқанд давлат университети талабалари бемалол мурожаат қилишлари мумкин. Дастлаб марказда ўқиш учун талабалар муайян даражадаги тест синовлари топширади. Шундан сўнг кўрсатган натижаларига қараб, гуруҳларга тақсимлаб чиқилади. Ўқувчиларнинг билим ва савиясига қараб гуруҳлар шакллантирилади. Марказ потенциали барча даражадаги ўқувчиларни ўқитиш ва хорижий тил кўникмаларини ошириш учун етарли. Бу борада аъло натижа кўрсатиш талабанинг ўзига боғлиқ.

    Марказ Самарқанд давлат университети ташаббуси билан ташкил этилмоқда. Шу боисдан, СамДУ талабалари учун арзонлаштирилган нархлар таклиф қилинади. Анъанавий тартибда курс нархлари даражага қараб фарқланса, янги ташкил этилаётган марказимизда барча даражалар учун бир хил, ўртача 300-330 минг сўм атрофида этиб белгилаш режалаштирилмоқда. Марказ фаолияти тўлиқ йўлга қўйилиб бўлганидан кейин, талабалар сони ошиб бориши билан нархларни янада арзонлаштириш режамизда бор. Ҳозирда янги ташкил этилаётган марказ учун чуқур билим ва юқори салоҳиятли 8 нафар ўқитувчи ажратилган.

    Шунингдек, университет маъмурияти билан келишувларимизга кўра, айни пайтда Самарқанд давлат университети инглиз тили кафедраси ўқитувчилари орасида тил сертификатига эга бўлмаган ўқитувчилар “IELTS CENTER” марказида бепул таҳсил олишлари мумкин. Уларни шахсан ўзим C1 даражага тайёрлаш учун ҳаракат қилмоқдаман.

    Агар ўқитувчининг ўзи тилни юқори даражада билса, унинг ўқувчилари ҳам албатта юқори натижаларни кўрсатади. Бу борада дарс берадиган ўқитувчиларнинг кучли салоҳиятли бўлиши муҳим омил ҳисобланади.

    – Ўқув йили якунига ҳам оз қолмоқда. Тез орада магистратурага қабул жараёнлари бошланади. Марказ фаолиятини март ойидан бошласа, қабул бошлангунича бўлган вақт юқори натижа олиш учун етарли бўладими?

    – 12 йилдан бери шу соҳада фаолият олиб бораман. Ўқитувчилик фаолиятимни 2011 йилдан бошлаганман. Аввалига уйда, кейинчалик турли ўқув марказларда ўқувчиларга инглиз тилини ўргатиб келдим. Очиғини айтишим керак, фаолиятим давомида жуда кўп қийинчиликларга дуч келдим. Аммо, ҳар бир машаққат муваффақият даракчиси бўлиши рост экан, бир ўқувчим IELTS дан 8.0 натижани қўлга киритганидан кейин ўқувчиларим сони кескин ошди. 2015 йилга келиб “IELTS CENTER” тил маркази ташкил этилди. 2018 йилдан бери марказ раҳбари сифатида фаолият юритиб келаман. Ҳозирги вақтда марказда 2 мингга яқин ўқувчилар инглиз тилини ўрганиб келади. 2 та филиалимиз мавжуд.

    Шахсий тажрибамдан келиб чиқиб шуни айтишим мумкинки, тил ўрганиш ҳар томонлама инсоннинг ўзига боғлиқ. Кучли ва астойдил меҳнат қилинса, 3 ойда ҳам керакли натижага эришиш мумкин. Юқорида таъкидлаганимдай, асосий масъулият ҳамиша ўқувчининг гарданида бўлиши лозим.

    – Шахсий тажрибангиздан келиб чиқиб, хорижий тилни қисқа фурсатда тез ва самарали ўрганиш бўйича тавсиялар бера оласизми?

    – Хорижий тилни тез фурсатда самарали ўрганиш учун биринчи навбатда кўп сўз ёдлаш керак бўлади. Кўп миқдордаги сўзларни ёд олишнинг қулай усули бу – ўрганаётган хорижий тилингизни севимли машғулотингизга кўчириш. Масалан, агар сиз қўшиқ айтишни яхши кўрсангиз, ҳар куни белгиланган меъёрдаги сўзни ёдлаб бўлганингиздан сўнг, ўша сўзлар иштирокида қўшиқ айтишингиз мумкин. Бу ўрганган сўзингизни тез ёдлаш билан бир қаторда, хотирангиздан мустаҳкам ўрин олишига сабабчи бўлади.

    Яна бир усул тил ўрганаётган бошқа тенгдошларингиз билан тез-тез мулоқотда бўлиб туриш. Бу каби мулоқотларда хато бўлса ҳам гапиришга ҳаракат қилиш керак.

    Шунингдек, 30-40 сўздан иборат қисқа матнларни ёдлаб бориш ҳам фойдадан ҳоли бўлмайди. Қандай вазият ва усулда бўлишдан қатъи назар, тил ўрганиш учун кўп вақт ажратишга ҳаракат қилиш керак. Ўз устингизда қанча кўп ишласангиз, натижаси шунча тез билинади. Энг муҳими, қаттиқ меҳнат, сабр ва иштиёқ...

 

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода БЕКМУРОДОВА суҳбатлашди.
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар