Самарқанд давлат университети ва ота-оналар ҳамкорлиги давом этмоқда…
Самарқанд давлат университети филология факультетида ота-оналар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Тадбирда СамДУ ўқув ишлари бўйича проректори Рустам Йўлдошев, ўқув-услубий бошқарма бошлиқлари Шахриддин Муранов, Мавлон Бобохонов, СамДУ хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳат кенгаши раиси Шарофат Тўхлиева, психолог Розия Намозовалар иштирок этди.
Учрашувда таълим тизимидаги ўзгаришлар, имтиҳон жараёнлари, HEMIS тизимининг афзалликлари, чет тилини ўрганиш моҳияти, талабалар учун яратилган имкониятлар ва ёшларнинг психологияси бўйича сўз юритилди.
Самарқанд давлат университети филология факультети декани, профессор Азамат Пардаев талабаларнинг таълим олишида фақат ўқитувчилар эмас, балки ота-онанинг фаоллиги муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Тадбир давомида профессор-ўқитувчи ва ота-оналар ўзаро фикр алмашдилар.
- Етмиш беш ёшдаман. Жиззахнинг Фориш туманидан ташриф буюрдим. Неварам филология факультети 1-курс талабаси, - дейди Шакар Қурбонтоев. – Мен икки олий таълим муассасасини тамомлаганман. Учрашув давомида томонлар учун манфаатли бўлган масалалар муҳокама қилинди. Чет тилларини ўрганиш фарзандимизнинг келажаги учун қай даражада муҳимлигини тушундим. Таълим тизимидаги ислоҳотлардан бохабар бўлдим. Қолаверса, Самарқанд давлат университети фаолияти билан танишдим. Ҳашаматли биноларда ўқиётган ўғил-қизларимизни кўриб ҳавасим келди. Ёшларимизга яратиб берилаётган имкониятлар учун Президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдираман…
- 1977 йил Самарқанд давлат университети физика факультетини тамомлаганман. Бу муассаса мен учун қадрли. Ўзим ҳам ўқитувчиман. Ўғлим физика факультетида, икки қизим филология факультетида ўқийди, - дейди Абдуманнон Рустамов. – Самарқанд давлат университетида ўқишнинг ўзи бир бахт. Мен ва фарзандларим шу бахтга эришганимиздан хурсандмиз. Университетга тез-тез келиб турганлигим сабаб, ўқитувчиларини яхши танийман. Филология факультети университетнинг илмий салоҳияти юқори факультетларидан. Мен ўқиган даврда ҳам шундай эди. Тил – бу миллат руҳи. Бу факультетда миллат руҳи фаоллари тарбияланмоқда. Бу борада самарали меҳнат қилаётган барча устозларига ўз миннатдорлигимни bildiraman...
- Синглим Самарқанд давлат университети филология факультети талабаси. Ўзим IT йўналишида фаолият олиб бораман, - дейди Ҳусниддин Узоқов. – Бугун очиқ мулоқотдан жуда мамнун бўлдим. Таълим тизими рақамлаштирилганлиги сабаб синглимнинг ўқишини назорат қилишим осонлашди. HEMIS тизими орқали унинг ўқув жараёнидаги ютуқ ва камчиликларини кузатиб боришим мумкин. Олий таълим муассасалари ичида фақат Самарқанд давлат университетида Талабалар билимини баҳолаш бўлими ташкил этилганлиги таҳсинга сазовордир…
Беҳруз ШАМСИДДИНОВ
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.