“Аниқ қўйилган мақсад юксак чўққиларга олиб чиқади…”
Хорижий тилларни ўрганаётган талабалар орасида хорижда ўқишни, дунёнинг нуфузли университетларида таҳсил олишни истайдиган ёшлар кўп учрайди. Бугунги кунда Самарқанд давлат университетида хорижда таҳсил олиб қайтган ёхуд ўқишини чет элда давом эттираётган иқтидорли ёшлар талайгина…
Самарқанд давлат университети тарих факультети талабаси Муқаддас Анварова жорий йил сентябрь-февраль ойларида Кореянинг Сунчунянг университетида бир семестр давомида таҳсил олиб қайтди. У Самарқанд давлат университетида ташкил этилган корейс тили марказида таҳсил олиш давомида корейс тилини ўрганиб, Жанубий Корея ҳукумати томонидан тўлиқ қоплаб берилган грант дастури ғолиби бўлишга эришди. Маълумот учун Самарқанд давлат университетида корейс тили ва маданият маркази 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, Кореядан таклиф этилган ўқитувчи Ле Ҳа Джонг корейс тилига қизиқувчи ёшларга тил ўргатиб келмоқда. Бугунги кунда марказ томонидан Жанубий Кореянинг нуфузли Донгкук, Гачон, Еунгнам, Сунчунянг каби университетлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Марказда таҳсил олган талабалар мазкур университетлар томонидан эълон қилинган грант лойиҳалар, талаба алмашинуви дастурларида иштирок этиб келмоқда. Шунингдек, университет халқаро таълим дастурлари маркази талабалари марказда корейс тилига ўқитилиб келинади. Ҳозирда улардан 20 нафардан ортиғи Сунчунянг университетида таҳсилни давом эттирмоқда.
-Корейс тилига мактаб даврларидан буён қизиқаман, - дейди Муқаддас Анварова, - Университетга ўқишга кирганимдан кейин Самарқанд давлат университетида ташкил этилган корейс тили ва маданият марказида корейс тилини ўргана бошладим. Қисқа фурсатда яхши натижани қайд этаётганимни кўрган ўқитувчиларим менга Корея университетлари грант дастурларига ҳужжат топшириб кўришни тавсия қилишди. Кейин Сунчунянг университетининг “Global open major” бўлими томонидан эълон қилинган грант дастурига ҳужжат топширдим. Суҳбатдан муваффақиятли ўтиб, грант соҳиби бўлдим. Бир семестр давомида Сунчунянгда ўқидим.
Кореяда ўқиш давомида мазкур давлат таълим тизими билан ҳам яқиндан танишдим. Университет таълим шакли юртимиздагидан тубдан фарқ қилади. Бу ерда талабалар дарс вақтларини ўз кунлик режаларига мослаштирган ҳолда белгилашлари мумкин. Яна бир ўзига хос жиҳати, Корея университетларида йил давомида ўқитиладиган фанларни талабанинг ўзи танлайди. Ўқув йили бошида талабалар ҳар бир ўқитувчининг дарсига кириб кўришади ва ўзларига қизиқ ва маъқул бўлган фанларни танлаб олишади. Ҳатто кичик ютуқларга эришган талабалар ҳам шартнома пулларига чегирмалар қўлга киритиши мумкин. Шунингдек, университетда талабалар учун ички автобуслар йўлга қўйилган. Кутубхоналар 24/7 тартибда ишлайди. Келгусида магистратура босқичини Кореяда давом эттириш ниятим бор.
Қайси тил бўлишидан қатъи назар хорижий тилларни ўрганаётган тенгдошларимга ҳамиша ўз олдига аниқ мақсад қўйишларини тавсия қилган бўлардим. Аниқ қўйилган мақсад сизни энг юксак чўққиларга олиб чиқади. Ўрганаётган тилингизга қўшиб, ўша халқнинг маданияти билан ҳам танишиб боринг. Бу келгусида ўша давлатда бўлганингизда ноқулай ҳолга тушиб қолишнинг олдини олади. Нима бўлганда ҳам ўзингизга бўлган ишончни мустаҳкам қўйиб, ўрганишда давом этинг.
Магистратурани хорижда ўқишни режалаштираётган бўлсангиз, бакалавр босқичидан бошлаб тайёргарликни бошланг. Таҳсил олмоқчи бўлган университетингизнинг интернет саҳифаларини кузатиб боринг. Хорижий талабалар учун бир неча ойлик грант дастурлари эълон қилингудек бўлса, қўрқмасдан ҳужжат топшириб кўринг. Бу кейинчалик магистратурани ўша университетда ўқишингиз учун анча фойдали бўлади. Муҳит билан танишасиз, ўз устингизда қай даражада ишлаш кераклигини билиб оласиз. Сунчунҳянг университетида ўқиётган ўзбекистонлик талабалар орасида Самарқанд давлат университети талабалари жуда кўп.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати