“Тўмарис издошлари” кўрик танлови ўтказилди…
Самарқанд давлат университети инсон ресурсларини бошқариш факультетида 8-март Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Тўмарис издошлари” кўрик танлови ўтказилди. Унда факультетнинг иқтидорли талаба қизлари турли шартлар бўйича беллашди.
- Баҳор фасли кириб келиши билан юртимиз бўйлаб ҳақиқий байрам кайфияти кезишни бошлайди, - дейди инсон ресурсларини бошқариш факультети талабаси Мадина Азимова - Факультетимизда байрам шукуҳи кўтаринки руҳда бошланди. Бугунги танлов биз учун ёрқин лаҳзаларга, гўзал таассуротларга бой бўлди. Танлов шартларини бажариш давомида оилада аёлларга ҳурмат фазилатларини юксалтириш билан бир қаторда ўзбекона миллийлигимизга, бой қадриятларимизга муносиб эҳтиром туйғусини шакллантириш бўйича муносиб ибрат олдик.
Тадбир давомида факультет талабалари томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар, бадиий саҳна кўринишлари барчага ҳақиқий байрам кайфияти улашди.
Танлов сўнгида фаол иштирок этган қизлар эсдалик совға ва ташаккурномалар билан тақдирландилар.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати