Самарқанд давлат университети: олим аёллар эътиборда, эъзозда...
Самарқанд давлат университетида 8 март – Халқаро хотин қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов кириш сўзи билан очиб, хотин-қизларни самимий табриклади. Университетда самарали фаолият юритиб келаётган хотин-қизлар, олим аёлларнинг келгуси ишларига муваффақият тилади.
-Дунёдаги ҳар қайси жамиятнинг маънавий камолоти ва нуфузи, юксак маданияти унинг хотин-қизларга бўлган муносабати ва эҳтироми билан белгиланади, - дейди СамДУ ректори Рустам Холмуродов, - Шу сабабли, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, эркинлик ва манфаатларини ҳимоялаш, жамиятдаги мавқеини янада юксалтириш, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиб бериш, қобилият ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқариш вазифалари бугунги куннинг долзарб масаласидир. Самарқанд давлат университетида илмий тадқиқот фаолияти билан шуғулланиб келаётган аёл ходималар, олималар фаолияти ҳамиша эътибор марказида. Мамлакат иқтисодиётининг юксалишида, юксак маънавиятли авлод етишиб чиқишида илм-фаннинг ўрни ниҳоятда катта. Бугун илмий ва педагогик фаолият билан шуғулланиб келаётган ҳар бир аёл ана шу юксалишга дахлдордир. Эртанги илм-фанимиз ривожига муносиб ҳисса қўшаётган, маънавият ва маърифат сарчашмаларидан зиё улашаётган, миллатнинг шаъни ва ғурурини юксакларга кўтариб, ўзларидаги нафосат ва гўзаллик ила дунёни гўзаллаштириб келаётган аёлларимизни байрам билан муборакбод этаман.
-Бугунги тадбир барча хотин-қизларга ҳақиқий байрам кайфиятини улашмоқда, - дейди фалсафа фанлари доктори Маҳбуба Эргашева, - Бунинг учун қадрдон университетимиз жамоасига самимий миннатдорлик билдираман. Ўтган йиллар ичида озми-кўпми эришган натижаларим эътирофидан жуда мамнун бўлдим. Самарқанд давлат университети жамиятимизнинг барча соҳаларига юзлаб олималарни, етакчи ва илғор хотин-қизларни етиштириб берган даргоҳ ҳисобланади. Мен шу университетдан етишиб чиққан олима сифатида ҳамиша бу муҳитга, бу номга муносиб бўлишга ҳаракат қилиб келаман. Фурсатдан фойдаланиб барча аёлларни Халқаро хотин-қизлар куни билан табриклайман.
Тадбир давомида университетда самарали фаолият кўрсатиб, эришган натижалари билан бошқаларга ўрнак бўлаётган, 2022 йил якуни бўйича “Scopus”, “Web of Science” каби халқаро илмий-техник базалардаги илмий журналларда мақолалар чоп этганлиги, университетнинг рейтинг кўрсаткичларини оширишга ўз ҳиссасини қўшганлиги учун 256 нафар аёл профессор-ўқитувчи ва ишчи-ходим СамДУ ректорининг ташаккурномаси, қимматбаҳо совғалар ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланди. Шунингдек, 2022 йилда диссертация ишларини муваффақиятли ҳимоя қилиб, илмий даража олган хотин-қизларга эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, СамДУ спорт фаолияти ва санъат факультети жамоаси томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар тадбир иштирокчиларига ҳақиқий байрам кайфияти улашди.
Ирода БЕКМУРОДОВА,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.