Самарқанд давлат университети ўсимликлар физиологияси ва микробиологияси кафедраси профессор-ўқитувчилари биология факультети талабаларига “Маданий ўсимликларни етиштириш (Танлов фан) фанидан дарс машғулотларни олиб бормоқда. Ушбу фан маданий ўсимликларнинг келиб чиқиш марказлари, маданий ўсимликларнинг систематик гуруҳлари, физиологик хусусиятлари, етиштириш агротехнологияси ва уларнинг аҳамияти каби мавзуларни ўз ичига олади.

    Шунингдек, ўрганилган билимларни мустаҳкамлаш мақсадида амалиёт дарсларида бир қанча маданий экинлар талабалар томонида экилиб, уларнинг турли морфологик ва физиологик белгилари ўрганилмоқда.

    Айниқса, халқ хўжалигида кенг тарқалган маданий ўсимликлар, хусусан, мош, ловия, маккажўхори, қалампир, помидор, нўхат, буғдой каби ўсимликлар талабалар томонидан экилиб, уларга турлича ҳарорат, ёруғлик ва ўғитлар таъсир эттириб ўсимликларда содир бўладиган морфофизиологик ўзгаришлар ўрганилмоқда.

    Қизиқарли томони шундаки, талабалар томонидан ушбу фанга нисбатан қизиқиш жуда ортиб бормоқда ва ўзлари эккан ўсимликларни меҳр билан парвариш қилиб, янги билим ва тажрибаларни ўрганмоқдалар.

    - Бугун дунёда содир бўлаётган озиқ-овқат муаммоларини ҳал қилиш ва улар хавфсизлигини таъминлаш учун янги, озуқабоп ва маҳсулдор турларни яратиш жуда муҳим ҳисобланади, - дейди кафедра ўқитувчиси Абдубакир Қўшбоқов. - Шунга кўра маданий ўсимликларнинг морфологик ва физиологик кўрсаткичларини яхши ўрганиш ушбу ўсимликларнинг ташқи муҳитнинг турли омилларига муносабатини ва ўсиш хусусиятини ўрганишда жуда муҳим. Биз талабалар билан олиб бораётган тадқиқотларимизда замонавий лабораториялар билан ишлаш ҳам муҳим роль ўйнайди. Айни вақтда олиб бораётган изланишларимиз учун Самарқанд давлат университетида барча шароитлар яратилган. Шунингдек, кун сайин юқори технологиялар билан ишлашни амалга оширмоқдамиз…

    - Танлов фанимиз кун сайин бизнинг қизиқишимизни орттирмоқда. Сабаби, назария билан бирга амалиёт мужассамлашган, - дейди биология факультети талабаси Зуҳра Бадалова. -  Айни вақтда гулкарам, нўхат, ловия, помидор уруғларидан замонавий усулда кўчат олиш бўйича тадқиқот олиб бормоқдамиз. Бу изланишларимизни далага чиқмасдан лаборатория шароитида бажаряпмиз. Бунинг афзаллиги шундаки, ҳаво ҳарорати, намлик, ҳарорат каби омилларни назорат қилиш осонроқ.

 

    Самарқанд давлат университети

    Ахборот хизмати.