Самарқанд давлат университетида тиббий профилактика маркази очилди…
Самарқанд давлат университети ва бошланғич касаба уюшма қўмитаси томонидан СамДУ 1 сонли талабалар турар жойи биносида тиббий профилактика маркази ташкил этилди. Мазкур марказ университет профессор-ўқитувчи ва талабалар учун хизмат кўрсатишга мўлжалланган бўлиб, спорт соғломлаштириш, даволаш профилактика хонаси, ошхона ва муолажа хоналаридан иборат.
Марказда Самарқанд шаҳар кўп тармоқли поликлиникасидан бириктирилган врач ва ҳамшира хизмат кўрсатади. Профилактика марказида бир қатор замонавий тиббий жиҳозлар ва дори воситалари мавжуд. Биринчи ёрдам учун барча зарур жиҳозлар билан бир қаторда физиотерапия, электрокардиограмма ҳамда ингалятор каби тиббий асбоблар мавжуд.
– Бугундан Самарқанд давлат университетида профессор-ўқитувчи ва талабаларига хизмат кўрсатадиган тиббий профилактика маркази иш бошлади, - дейди Самарқанд давлат университети бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси, доцент Шавкат Маҳматмуродов. - Университет маъмурияти, хусусан, Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов ва Касаба уюшма қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур марказ айниқса, университет талабалари учун ниҳоятда қулайлик туғдиради. Энди соғлиғи билан боғлиқ бирор муаммога дуч келган талабалар марказга келиб, врач кўригидан ўтиши, керакли тиббий хизматлардан фойдаланиши мумкин. Профилактика марказидаги барча турдаги хизматлар бепул. Шунингдек, марказ қошида фитнес клуби фаолият кўрсатмоқда.
- Самарқанд давлат университетида ташкил этилган тиббий профилактика марказида иш бошладим, - дейди Самарқанд шаҳар марказий кўп тармоқли поликлиника врачи Ҳилола Ўлмасова. - Эндиликда врач ва ҳамшира университет ўқитувчи ва талабаларига хизмат кўрсатамиз. Марказда бирламчи тиббий ёрдам учун барча воситалар етарли. Эътиборли томони шундаки, марказ университет маъмурияти томонидан бир қаиор дори воситалари билан таъминланган. Муолажа хоналари беморлар учун доимий хизмат кўрсатади...
Сўнгги йилларда дунё бўйлаб инсон саломатлигига раҳна соладиган касалликларнинг ортиши, турли вирусларнинг тарқалиши каби ҳолатлар соғлиқни сақлаш ва аҳоли саломатлигига муҳим эътибор қаратиш масаласини кун тартибига қўймоқда. Бугунги кунда ўз уйидан узоқда таҳсил олаётган талабалар орасида соғлиғи билан боғлиқ муаммога дуч келса, қаерга мурожаат қилишни билмаслик ҳолатлари кўп кузатилади. Бу каби вазиятларда сифатли хизмат кўрсатадиган, қолаверса, бепул профилактика марказлари энг қулай ечимдир.
Бугун юртимизда соғлом авлод тарбияси учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар, соҳадаги ижобий ўзгаришлар ҳар бир инсоннинг ҳаёти ва турмуш-тарзида чуқур акс этмоқда. Инсон шаъни ва қадр-қимматига бўлган эътиборнинг муҳим фактори бўлган халқ саломатлиги ва фуқароларни сифатли бепул тиббий хизматлардан фойдаланиш бўйича ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш масаласи нафақат, соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари, балки ҳар бир ташкилот ва муассасанинг муҳим ва долзарб вазифасидир.
Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.