Самарқанд давлат университетида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди билан ҳамкорликда давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳат кенгаши раиси, ректор маслаҳатчиси Шарофат Тўхлиева, Самарқанд вилояти “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди директори Раҳима Раҳмонова ҳамда ўқитувчи ва талабалар иштирок этди.

    Давра суҳбатида сўзга чиққанлар эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари, соғлом турмуш-тарзи қоидалари мавзуларида маърузалар қилди. Оила қуриш арафасида бўлган ёшлар учун тиббий кўрикнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.

 – Бугунги кунда ёшларни никоҳгача тиббий кўрикдан ўтказишдан мақсад соғлом оилага асос солиш эканини тўғри тушуниш зарур, - дейди  вилоят “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди директори Раҳима Раҳмонова, -  Зеро, ота-она соғлом бўлсагина соғлом фарзанд дунёга келади. Оила – бу муқаддас даргоҳ. У ҳар бир инсон ҳаётида муҳи ўрин тутади. Афсуски, бугун ёшлар ўртасида ҳаётий тажрибанинг етарли эмаслиги, уларда ўзаро бир-бирига нисбатан ҳурмат, бир-бирини  ҳимоялаш, қўллаб-қувватлаш, ҳаётда учрайдиган қийинчиликларга биргаликда бардош бериш каби хусусиятларни тўлиқ шаклланмаганлиги натижасида тузилган никоҳ мустаҳкам бўлмайди. Эрта турмуш эса, ўз навбатида билим, илм, ҳунар эгаллашга тўсқинлик қилади. Шу сабабли, ҳар бир оилада ота-она ўз зурриёди, яъни фарзанди камоли ва тақдири ҳақида қайғурганда шу масалаларга эътибор қаратиши лозим.

    Самарқанд давлат университети
    Ахборот хизмати
    Шавкат Акрамов олган суратлар.